Самарқанд вилояти Пахтачи туманида руҳий хаста эркак ўзини юк машинаси остига ташлади. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ҳолат юзасидан «Газета.uz»га маълумот берди.
Қайд этилишича, ҳодиса 27 октябрь куни соат 12:30 атрофида Амиробод маҳалласидан ўтувчи М-37 автомобиль йўлининг Самарқанд-Бухоро йўналиши 139-километрида содир бўлган.
1983 йилда туғилган фуқаро А.Б. ўзини Man русумли юк машинаси остига ташлаб, жонига қасд қилган ва воқеа жойида ҳалок бўлган.
Ҳодиса содир бўлган жой кўздан кечирилиб, марҳумга нисбатан суд тиббий экспертизаси тайинланган ва ҳолатга гувоҳ бўлган шахслардан тушунтириш хати олинган.
Маълум қилинишича, марҳум эркак Навоий вилояти Хатирчи туманида яшаган. Муқаддам судланмаган, психиатирия диспансерида рўйхатда турган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади Бош прокуратура хабарида.