Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 28 октябрь куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни фото ва видео қайд этиш камераларидан йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги тўғрисидаги маълумотларни Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига юбориш муддати тўғрисидаги банд билан тўлдириш ҳақидаги қонунни имзолади. Сенат қонунни 20 сентябрда маъқуллаганди.
Эндиликда махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги тўғрисидаги маълумот жарима солиш тўғрисида қарор чиқаришга ваколатли шахсга 48 соат ичида юборилмаган тақдирда ЙҲҚни бузганлик тўғрисидаги иш бўйича иш юритиш бошланиши мумкин эмас, бошланган иш эса тугатилиши керак.
Янги норма уч ойдан сўнг, яъни 2025 йил январь ойининг охиридан амал қила бошлайди.
Ички ишлар вазири ўринбосари — ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи Бекмурод Абдуллаев апрель ойида Қонунчилик палатасида тузатиш лойиҳаси муҳокамасида камералардан ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотларни ЙҲХХга юборишнинг аниқ муддати йўқлигини қонунчиликда «бўшлиқ» деб атаган эди.
Камералардан хабарлар (уларни ЙҲХХ ҳам, бошқа тузилмалар ва хусусий компаниялар ҳам ўрнатади) қоидабузарлик содир этилган пайтдан бошлаб бир неча кун ёки бир неча ой ичида келиши мумкин, деб таъкидлади у.
Натижада фуқаролар қоидабузарлик фактини тан олмасликлари ёки эътироз билдиришлари (бу вақт ичида автомобиль эгаси ўзгариши ёки маъмурий жазо муддати, яъни бир йил тугаши) ёки тўпланган жарималарни тўлашда қийинчиликларга дуч келишлари мумкин.
Қоидабузарликлар тўғрисидаги хатлар қанча муддатда келиши керак
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 305-моддасига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ишни кўришга ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан, ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ва ишнинг бошқа материаллари олинган кундан бошлаб 15 кунлик муддатда кўриб чиқилади.
Кодекснинг 309−1-моддасига кўра, жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг нусхаси камералардан олинган материалларни илова қилган ҳолда, қарор чиқарилган кундан эътиборан 3 кун ичида ҳуқуқбузарга буюртма почта орқали юборилади.
Жарима солиш тўғрисидаги қарор қоидабузарга топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида жаримани 50 фоиз, 30 кун ичида — 30 фоиз чегирма билан тўлаш мумкин (бундан маст ҳолда ҳайдаш, мастлик ҳолатида тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаш ва маст ҳолда ҳайдовчи ёки автомобилни бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсни машинани бошқаришга қўйиш тўғрисидаги ишлар мустасно).
Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги манбанинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ЙҲХХда ишни кўриб чиқиш учун 15 кунлик муддат белгиланган бўлса-да, амалда бу муддат йўл ҳаракати қоидалари бузилишининг кўплиги ва уларни тезкор қайта ишлаш учун ходимлар сонининг етарли эмаслиги сабабли ҳам бузилиши мумкин.
Хатларни етказиб беришда ҳам муаммолар бор. Улар манзилдаги хато ёки яшаш жойини ўзгартириш туфайли олувчига етиб бормаслиги мумкин. Баъзан қарор топширилганлиги ҳақидаги хатни адресатга топширмасдан қўйилиши мумкин ва у жарима мавжудлигини билмаслиги мумкин.
Жарималар мавжудлигини Ягона давлат хизматлари портали ёки мобил иловалар орқали кузатиб бориш мумкин.