Тошкентда 2 ноябрь куни Чорсу майдонини реконструкция қилиш концепциясининг тақдимоти бўлиб ўтди. Лойиҳанинг энг муҳим қисмларидан бири — «Чорсу» меҳмонхонасини бузиб ташлаб, унинг ўрнида янги, замонавий отель қурилиши билан боғлиқ.
«Газета.uz» куни кеча лойиҳа ҳақида қисқача ахборот берган эди. Тақдимотда қатнашган мухбиримиз Виктория Абдураҳимова «Чорсу» меҳмонхонасига ҳам бориб, лойиҳага доир қўшимча тафсилотларни, шунингдек, лойиҳа муаллифлари ва пойтахт меъморларининг ҳам фикрларини бир саҳифага жамлади.
Чорсу майдони пойтахтнинг тарихий қисми — Эски шаҳарда, Алишер Навоий, Беруний ва Самарқанд дарвоза кўчалари кесишган нуқтада жойлашган.
1982 йили москвалик архитектор Владимир Спивак лойиҳаси асосида қуриб битказилган ва унчалик ҳам кўп ишламаган 23 қаватли «Чорсу» меҳмонхонаси мазкур майдоннинг меъморий доминантаси ҳисобланади.
2000 йиллар бошида «Чорсу» меҳмонхона мажмуаси реконструкция ишлари учун ёпилган — ҳукуматнинг бу ҳақдаги тегишли қарори 2002 йил кузида чиққан. 2005 йилга келиб ҳужжат ўз кучини йўқотган. Туркиянинг «Эмсаш» фирмаси қатнашган реконструкция лойиҳасини амалга ошириб бўлмаган. Худди 2010, 2016, 2018 ва 2022 йилларда мос равишда Жанубий Корея, Япония, Туркия ва БАА инвесторлари қизиқиш билдирганида ҳам, бу ишни уддалаб бўлмаганидек.
Чўзилиб кетган кутиш даври аянчли оқибатларга олиб келган: йиллар давомида ташқи таъсир (шамоллар, ёғинлар, ҳавонинг иссиқ-совуқ бўлиб ўзгариши) остида қолган кўтариб турувчи темир-бетон конструкцияларнинг эскириб, қисман бузилган, шунингдек, бино фасади (қисман) ва интерьерлари (тўлиқ) йўқ бўлиб кетган.
Чорсу майдонининг бўлажак реконструкцияси Тошкентнинг бир замонги рамзларидан бири — «Чорсу» меҳмонхонасининг тақдирига нуқта қўяди. Бинода Invest Proekt Servis компаниясининг лойиҳачилар гуруҳи томонидан июлдан то октябрга қадар ўтказилган дастлабки техник кўрик хулосасида иншоот «конструкцияларини мустаҳкамлаш ва уларни нормал фойдаланув ҳолатига етказиш» мақсадга мувофиқ эмаслиги кўрсатиб ўтилган.
Invest Proekt Servis компаниясининг сифат бошқаруви бўлими бошлиғи Алексей Торопцевнинг айтишича, «Чорсу» меҳмонхонаси биноси уч босқичда экспертизадан ўтказилган: конструкциялар аҳволини бирламчи ўрганиш, бинодан фойдаланиш даврида келиб чиққан камчилик (дефект)ларни аниқлаш ва ҳисоб-китоб тавсифларини тайёрлаш, яъни, бино конструкцияларидан келгусида фойдаланиш мумкинми-йўқми, шуни аниқлаш.
«Олиб борилган иш натижаларига кўра, меҳмонхоналарга қўйиладиган замонавий талаблардан келиб чиқиб айтганда, мазкур бино меҳмонхона сифатида фойдаланиш учун амалда мос келмайди. Бунга мисол тариқасида, совет даврида меҳмонхона учун полдан шифтгача бўлган баландлик 2 м 80 см бўлиши етарли бўлганини айтиш мумкин. Ҳозир бу етарли эмас, чунки замонавий меҳмонхоналарда бино майдонда тўла самара билан фойдаланиш учун барча коммуникациялар шифт қисмига жойлаштирилади. Бунда баландлик 3 метрдан баланд бўлиши керак. Бу — бинодан келгусида фойдаланишни қийинлаштирадиган омиллардан биридир. Бундан ташқари, унинг конструкцияларига ҳам жиддий зарар етган: арматура, бетон коррозияси юз берган. Бинонинг мана шундай қониқарсиз ҳолатидан келиб чиқиб, биз уни бузиб ташлаб, ўрнига замонавий, барча норма ва стандартларга жавоб берадиган нимадир қуришни тавсия қилдик», — дейди у.
Айни вақтда, бино учун асос вазифасини бажарган монолит плитанинг аҳволи аъло даражада ва, инвесторлар янги меҳмонхонани ҳам эски турган жойнинг ўзида қурмоқчи бўлса, ундан янги бино қуришда фойдаланиш мумкин.
Архитектура тарихчиси Борис Чухович «Газета.uz» мухбирининг саволига жавоб бераркан, унда тошкентлик мутахассислар ўтказган экспертиза хулосаларига ишонмаслик учун асослар йўқ эканини маълум қилди, чунки бу хулосалар Ўзбекистон маданияти ва саънатини ривожлантириш жамғармасининг Tashkent Modernism XX/XXI лойиҳаси доирасида ишлаган миланлик мутахассисларнинг бирламчи ташқи кўриги якунлари билан мос тушяпти.
«Бизнинг жамоамиз бинони бор-йўғи айланиб, суратга туширган, сўнг шу суратлар ўрганилганди. Кўтариб турувчи конструкциялар билан муаммо келиб чиқиши мумкинлиги дарҳол маълум бўлганди, чунки темир-бетон 20 йил давомида об-ҳавонинг кескин ўзгаришлари таъсирига дучор бўлган ва намлик таъсирига ҳам очиқ бўлган, ваҳоланки, у бундай таъсирга мосланган эмас. Бинонинг аҳволини изчил ўрганиш ҳаддан ташқари катта саъй-ҳаракатларни талаб қиларди, бизнинг бюджетимиз эса бунга имкон бермасди. Бинонинг ўзига хос, бетакрор, оригинал қисмларининг сақлаб қолинганлиги масаласига келсак, бирламчи интерьерларнинг бари аллақачон йўқ бўлиб кетган, фасад ҳам қисман омон қолган. Шундай қилиб, ёдгорликнинг умумий ҳолати фавқулодда ёмон ва кўтариб турувчи конструкциялари эскириб кетгани ҳолда уни сақлаб қолиш учун оёқ тираб олишнинг оқибати вой. Яқинда Сербиянинг Нови-Сад шаҳрида модернистик вокзалнинг соябони қулаши оқибатида кўплаб одамларнинг ҳалок бўлгани — ["Чорсу» билан ҳам] нималар содир бўлиши мумкинлигига доир бир қўшимча эслатмадир", — дея изоҳ берди Борис Чухович.
Тайёрланган дастлабки концепцияга кўра, шаҳар ландшафтида «Чорсу» меҳмонхонаси ўрнига унинг шаклу-шамойили (силуэти), вазифаси ва Эски шаҳарнинг меъморий доминантаси ролини сақлаб қолувчи янги осмонўпар бино қурилади. 29 қаватли меҳмонхонадан ташқари ҳудудда бизнес-марказ ва турар жой бинолари ҳам жойлашади.
Лойиҳа доирасидаги амалий ишлар 2025 йилда бошланади ва 2029 йилга қадар давом этиши кутилмоқда. Майдонни қайта жонлантириш лойиҳаси ортида маҳаллий ва хорижий инвесторлар консорциуми турибди. Унинг таркиби маълум қилинмади, чунки «Чорсу» меҳмонхонаси биносини унинг сўнгги эгаси — БААнинг Ittihad International Investment компаниясидан сотиб олиш бўйича тижорий келишув бўйича ҳаракатлар сўнгги босқичда турибди ва ахборотни ошкор қилмаслик бўйича битим амал қилмоқда. Лойиҳа 170 млн АҚШ долларига баҳоланмоқда.
Чорсу майдонининг янги қиёфаси муаллифи бўлиш учун Германиянинг Tchoban Voss Architekten компанияси жалб этилган. Таниқли архитектор Сергей Чобан Берлинда жойлашган мазкур меъморий ширкат асосчиси ҳисобланади.
Чорсу майдонини реконструкция қилиш лойиҳасини ишлаб чиқиш гуруҳи бошлиғи Андрей Требунскихнинг сўзларига кўра, меъморлар олдида янги меҳмонхонанинг ҳозиргидек доминанталик ролини сақлаб қолиш ва «даврий ворисликни таъминлашдир».
«Шунинг учун лойиҳа таклифида янги бино „Чорсу“ меҳмонхонасининг ўзига хос шаклу шамойилини такрорлайди. У „Чорсу“ бозори, Кўкалдош мадрасаси сингари ҳудуднинг муҳим мўлжалига айланди. Бунда хоналар сони, инфратузилма, меҳмонхона хизматларига доир барча жиҳатлар жаҳонда бундай иншоотларга қўйиладиган замонавий тасаввур ва талабларга мувофиқ бўлади. Биз шаҳарнинг бу ҳудуди тарихий экани ва сайёҳлик салоҳияти улканлигини тушунамиз. Одамлар бу ерга бозорни кўриш, чор-атрофда сайр қилиш учун келади. Бизнинг вазифамиз — улар ўзларини бу ерда қулай ҳис қилишлари ва яна қайтиб келишни хоҳлашлари учун шароит яратишдир», — дейди Андрей Требунских.
Меъморнинг таъкидлашича, сифатли ва барқарор шаҳар муҳитини яратиш учун бинонинг ўзига хос хусусиятлари бўлса ҳам, уни шунчаки жойлаштиришнинг ўзи етарли эмас. Шу боис лойиҳа тижорат, офис, жамоат ва турар жой вазифаларини ўзида мужассамлаштирган кўп функцияли комплекс маконни яратишни назарда тутади.
Қурилиш бўладиган ҳудудни диагональ бўйлаб кесиб ўтувчи ва «Чорсу» бозорини собиқ Бош универмаг биноси билан боғловчи пиёдалар хиёбон-кўчаси алоҳида аҳамият қаратиляпти. Бу кўча бўйлаб асосий савдо майдонлари — дўконлар, кафелар, сувенир сотувчи расталар ва бошқа муассасаларни жойлаштириш кўзда тутилган. Янги бинолардан бирининг фойесида асл «Чорсу» меҳмонхонаси тарихи ва уни қуришда қўлланган меъморий инновацияларга бағишлангана кичик музей очиш режалаштирилган.
Реконструкция ва қурилиш ишлари давомида ўсимлик ва дарахтларни жойида қолдириш ёки майдон атрофидаги мос жойларга кўчириб ўтқазиш ваъда қилиняпти.
Логистика оқимлари ҳисобга олинган. Меҳмонхона ва офислар учун катта йўл томондан киришлар, шунингдек, пиёдалар учун хавфсиз ҳудудлар кўзда тутилган. Мажмуа ҳудудида яшовчилар учун эса қулай стилобатда ободонлаштирилган хусусий ҳовлилар ташкил этилади.
«Бу вазифаларни тўғри бирлаштириш нафақат шаҳар меҳмонлари, балки шу мажмуада яшайдиган аҳоли ва ишлайдиган ходимлар учун ҳам қизиқарли бўлган хилма-хил, серқирра муҳит яратиш гаровидир. Бунда турли функционал оқимлар бир-бири билан тўқнашмайди, зиддиятга кирмайди. Буларнинг бари узоқ муддатли истиқболда ушбу ҳудуднинг яшаб қолиши, ривожланиши, барқарор бўлишига имкон беради», — дейди Андрей Требунских.
Тақдимотда қатнашган меъморлар ва жамоат арбобларида концепцияга нисбатан бир қатор саволлар пайдо бўлди. «Tashkent modernism» лойиҳаси дизайнери ва муаллифи Александр Фёдоров намойиш этилаётган лойиҳавий суратларда «Чорсу» меҳмонхонасига ишораларни илғаб олиш жуда қийин эканлигига эътибор қаратди.
«Меҳмонхона қуриб битказилганида, унинг миноралари мовийранг эди, улар мадраса миноралари билан уйғунлашган эди. Бинонинг уч томонлама симметрияси эса у турган уч томонлама чорраҳага ишора эди. Фасадларда қуёшдан ҳимоя ҳам турлича қурилган, чунки бири сояда бўлса, бошқаси қуёшли тарафда эди. Меҳмонхонанинг янги лойиҳасида нечта асосий визуал унсурлар бўлади? Биз унда эски «Чорсу»ни таний оламизми ёки бу шунчаки уч баргли ойнаванд минора бўладими?», — деб сўради у.
Андрей Требунскихнинг таъкидлашича, лойиҳа гуруҳи бу жой алоҳида ёндашув ва муаллифлик нуқтаи назарини талаб қилишини яхши тушунади.
«Биз ойнаванд минора қуришни ёки ҳозирги бинони бузиб, ўрнига унинг ғирт нусхасини ўрнатишни хоҳламаётганимиз аниқ — бундай қилиш мантиқсизлик бўлур эди. Бизнинг вазифамиз — ўз жойи ва замонига мос замонавий, айни вақтда чор-атрофга ҳурмат-иззат кўрсатадиган, у билан „мулоқот қиладиган“ ва ҳисоблаша оладиган бино ўртасидаги мувозанатни топишдир. Биз кўр-кўрона нусха кўчирмай ва миллий нақшлар билан ўйнашмай, шакл, ҳажм ва баландликни сақлаб қолишга қарор қилдик. Тошкент ўз услубини излаш жараёнида ва бу лойиҳа уни шакллантириш имкониятларидан бири, деб ўйлайман», — деди меъмор.
Тошкентлик архитектор Александр Курановда мажмуа лойиҳаси ўртасида 14 қаватли бизнес-марказ жойлаштирилгани шубҳа уйғотди. У меҳмонхона ва турар жой блоклари оралиғига жойлаштирилган.
«Менимча, бундай блокни айнан шу ерга жойлаштириг кўп муаммо келтириб чиқаради. Меҳмонхонанинг бу қанотида яшовчилар деразадан нимани кўради? Шу бизнес-марказними? Яхшиси, ўзбекона катта ҳовли, шартли қилиб айтганда, парк ташкил этиш керак. Бу меҳмонхонадан кўринадиган манзара ҳақида ўйлаш лозим. Бу тарафда архитектор Коробцевнинг машҳур Марказ-27 (Ғунча) модернизм маҳалласи бор. Пойтахт меҳмонларига нафақат бозорни, циркни ёки Кўкалдошни, балки бу маҳаллани кўриш ҳам қизиқ бўлур эди», — дейди Александр Куранов.
Уни Тошкентдаги «САД» архитектура бюросидаги ҳамкасблари ҳам қўллаб-қувватлади. Максим Олтян бизнес-марказ биносининг вазифаларини қолганларга тақсимлаб, бу ерда ҳовли ёки жамоат маконини яратиш ҳақида ўйлаб кўришни таклиф қилди. Александр Фёдоровнинг фикрича, бу ҳудудга яшил ҳудуд ё ҳовуз жуда мос тушади.
Автотураргоҳ масаласи ҳам долзарб бўлиб турибди. Дастлабки режага кўра, у ер остида бўлади.
Требунскихнинг сўзларига кўра, Чорсу майдонини қайта қуриш лойиҳаси ҳозирча консорциум ичида, биринчи келишув босқичидан ўтган.
«Шаҳарсозлик ечимлари, қурилиш кўрсаткичлари, функционал нисбатлар ва транспорт йўналишлари белгиланган. Кейинги босқич — архитектура, хусусан, бинолар ташқи кўриниши ва деталларини ишлаб чиқишдан иборат. Аниқ нима бўлиши ҳақида уч ойдан сўнг бемалолроқ гапира оламиз», — дея қўшимча қилди у.