2025 йил учун давлат бюджетида долларнинг ўртача йиллик курси 13 250 сўм даражасида ҳисобланган. Бу Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан эълон қилинган 2025−2027 йилларга мўлжалланган бюджетнома лойиҳасидан келиб чиқади.
Келгуси йилда ЯИМ 1,63 квадриллион сўмни ёки доллар эквивалентида 123 млрд долларни ташкил этиши режалаштирилган. Бу ва бошқа ҳисоб-китобларда долларнинг сўмга нисбатан ўртача йиллик курси 13 250 сўм (2024 йил учун кутилаётган даражадан 4,8 фоизга кўп), 2026 йил учун 13 725 сўм, 2027 йил учун 14 150 сўм даражасида ҳисобга олинган. 2024 йилда долларнинг ўртача курси 12 640 сўм бўлиши прогноз қилинмоқда.
Долларнинг сўмга нисбатан ўртача йиллик курси АҚШ долларининг ўзбек сўмига нисбатан бутун календар йили учун ҳисобланган ўртача курси саналади. Бу кўрсаткич йил давомида валюта курсининг ўзгаришини ҳисобга олиш ва миллий валютадаги ҳисоб-китоблар учун барқарорроқ мўлжални олиш мақсадида бюджет ҳамда иқтисодий прогнозларда қўлланилади.
Бундан ташқари, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, миллий валюта курсининг 100 сўмга қадрсизланиши давлат бюджети харажатларининг 240 млрд сўмга ошишига олиб келади. Таққослаш учун: 2024 йилги бюджетномада бундай харажат 400 млрд сўм даражасида баҳоланган.
Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов 31 октабр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўмнинг 1 фоизга қадрсизланиши инфляциянинг 0,3 фоиз пунктга ошишига олиб келишини айтганди.
2024 йилнинг дастлабки 10 ойида миллий валюта атиги 3,5 фоизга қадрсизланди (ўтган йилнинг шу даврида 8,8 фоизга қадрсизланган).
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистонда 2025 йилда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдори 7 фоиз даражада прогноз қилинаётган инфляциядан паст бўлмаган миқдорда оширилиши режалаштирилган. 2024 йилда иш ҳақи ва пенсияларни ошириш учун режалаштирилганидан камроқ маблағ ажратилди.