Korea Herald газетаси Жанубий Кореянинг Россиядаги собиқ элчисига таяниб, ўқ-дорилар етказиб бериш ва Россия-Украина урушида иштирок этишга қўшин юбориш эвазига КХДР расмийлари Москвадан йилига 600−700 тонна гуруч ва космик технологиялардан фойдаланиш имкониятини олишини маълум қилди.

Нашр маълумотларига кўра, Жанубий Корея разведка қўмитасидан маълумот олган собиқ элчи Ви Сон Лакнинг айтишича, илгари Москва Пхеньянга йилига 50 минг тоннадан 100 минг тоннагача гуруч етказиб берган, аммо энди етказиб бериш 600−700 минг тоннагача оширилади.

Ви Сон Лакнинг сўзларига кўра, Шимолий Корея ҳар йили 4 миллион тоннага яқин дон ишлаб чиқаришини маълум қилади, аммо бу зарур бўлганидан тахминан 1 миллион тоннага кам. Шундай қилиб, Россиядан етказиб бериш Пхеньян учун ғалла танқислигининг ярмидан кўпроғини қоплашга ёрдам бериши мумкин.

Шимолий Корея расмийларига кўра, Россия, шунингдек, илғор космик технологияларга эга янги разведка сунъий йўлдошини учиришга тайёргарлик кўраётган Пхеньянга ҳам ёрдам бермоқда.

Бироқ, собиқ элчининг сўзларига кўра, Москва билан келишувнинг энг муҳим қисми шундаки, агар Корея яриморолида уруш бошланса, Пхеньян Россиянинг ҳарбий ёрдамига эга бўлади.

«Шимолий Корея, ҳаммага маълум, Россия томонида жанг қилади. Агар қачонлардир Корея яриморолида уруш бошланса, Шимолий Корея Россия ёрдамга келишига умид қилиши мумкин», — деди элчи.

Украина ва Ғарб расмийларининг маълумотларига кўра, КХДР Россияга яқин вақт ичида Россия-Украина урушига бориши мумкин бўлган 10 мингга яқин ҳарбий хизматчини юборган. Киев ва Ғарб ҳукуматларида ҳам Пхеньян Россияга катта миқдордаги артиллерия снарадларини етказиб бергани ҳақида маълумотлар бор.

Яқинда Россия президенти Владимир Путин Шимолий Корея ҳарбийларининг Россияга юборилишини рад этмаганди ва томонлар имзоланган шериклик шартномаси доирасида ўзлари хоҳлаган тарзда ҳамкорлик қилишини айтганди.