Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2025 йилда 45 миллиард долларгача ошиши мумкин. Бу «Газета.uz»га Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тақдим этган маълумотлардан келиб чиқади.

2024 йилда давлат қарзи 39,7 миллиард доллар ёки ЯИМнинг 35,5 фоизини ташкил қилиши кутилмоқда. Келгуси йилда бу кўрсаткич 13,3 фоизга ўсиб, 45 миллиард долларни ёки ЯИМнинг 36,4 фоизини ташкил этади. 2027 йилга бориб давлат қарзи даражаси 55,9 миллиард долларга етиши мумкин, бироқ бу кўрсаткичнинг ЯИМга (36,7 фоиз) нисбатини ҳисобга олсак, ўсиш аҳамиятсиз бўлади.

Шу билан бирга, давлат бюджети лойиҳасига кўра, келаси йили Ўзбекистон қарз ҳисобига кўпроқ кредит жалб қилиши мумкин. Агар жорий йилда ташқи қарзларни жалб қилиш чегаралари давлат томонидан кафолатланган 5 миллиард доллар бўлса, келгуси йилда улар 5,5 миллиард долларни ташкил этади. Бу маблағнинг 3 миллиард доллари (ҳозирда 2,5 миллиард доллар) давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга, 2,5 миллиард доллари эса инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Давлат қарз портфелини диверсификация қилиш ва валюта рискларини камайтириш мақсадида Ўзбекистон номидан муомалага чиқарилган давлат қимматли қоғозларининг максимал соф ҳажмини 2025 йил учун 30 триллион сўм (2024 йил учун 25 триллион сўм) миқдорида белгилаш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, давлат бюджетига таваккалчиликларни камайтириш мақсадида давлат-хусусий шериклик доирасида давлат мажбуриятларни ўз зиммасига олиши (сотиб олиш ёки тўлаш) назарда тутилган янги лойиҳалар қийматининг юқори чегараси 6,5 миллиард долларни ташкил этиши белгиланди.

Давлат дастурлари бўйича ташқи қарзлар ҳисобидан харажатлар 18,8 триллион сўмни (2024 йилда — 11,8 триллион сўм) ташкил этади.

Давлат қарзини тўлаш учун консолидациялашган бюджетдаги (давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ва Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларини ўз ичига олган) маблағларнинг улуши 7,5 фоиздан 9,6 фоизгача ошиши кутилмоқда.

Давлат қарзини тўлаш учун бюджетдан 46,08 триллион сўм (кейинги йил учун ўртача йиллик ставка бўйича — 3,48 миллиард доллар) йўналтирилиши режалаштирилган, шундан 21,1 триллион сўми фоизлар тўловига тўғри келади. Таққослаш учун: 2024 йилда қарзни тўлаш учун 32,27 триллион сўм (2,55 миллиард доллар), жумладан, фоизлар тўловига 16,4 триллион сўм сарфланиши режалаштирилган.

Таққослаш учун: 2024 йилги бюджетномада 2025 йилда тўловга 35,8 триллион сўм, яъни 10,28 триллион сўмга кам йўналтирилиши режалаштирилган эди. 2026 йил учун бу прогнозлар 26,25 триллион сўмдан 50 триллион сўмга ўзгарди. Яъни Ўзбекистон турли дастурларни молиялаштириш ва бюджет тақчиллигини қўллаб-қувватлаш учун кўпроқ кредитлар жалб қила бошлади, чунки ҳукумат бир неча йиллардан бери давлат харажатлари чегарасини ушлолмаяпти.

Ўрта муддатли истиқболда бюджетни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат қарзининг ўсишига йўл қўймаслик учун консолидациялашган бюджет тақчиллиги (ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз доирасида) бўйича бюджет қоидасига риоя этилиши таъминланади. Шу билан бирга, давлат қарзининг ЯИМга нисбатан ўсишини секинлаштириш мақсадида ташқи қарзларни асосан юқори самарали инвестиция лойиҳаларига жалб этиш кўзда тутилмоқда.

Хусусий қарз

Ташқи қарз давлат ва хусусий қарзлардан иборат. 2022 йилнинг биринчи чораги якунига кўра хусусий қарз 15,4 миллиард долларни, ялпи ташқи қарз эса 43,3 миллиард долларни ташкил қилган.

ХВЖнинг июлдаги сўнгги ҳисоботига кўра, Ўзбекистоннинг ялпи ташқи қарзи 2023 йилда ЯИМнинг 61,3 фоизини ёки 55,7 миллиард долларни ташкил қилган.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2024 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, умумий ташқи қарз 63,8 миллиард долларни ташкил қилади.

S&P рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг соф давлат ва ташқи қарзи даражаси аввалги прогнозларидан тезроқ ўсишини кутмоқда, бунга энергетика ва инфратузилма лойиҳаларини жадаллаштириш ёрдам берган. Ҳукумат иштироки ва ташқи қарзнинг давомли ва назоратсиз ўсиши хавф туғдириши мумкин, дейди мутахассислар, бироқ, таҳлилчилар фикрича, мамлакатнинг фискал ва жорий ҳисоби тақчиллиги 2023 йилда энг юқори чўққига чиққандан кейин келажакда пасаяди.

Ҳисоботда, шунингдек, 2023 йилда ЯИМнинг тахминан 8 фоизини ташкил этувчи давлат томонидан кафолатланмаган давлат ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг қарзлари ҳукумат балансида кристалланиши мумкинлиги хавфи ҳам келтирилди. Сўнгги йилларда давлатга қарашли корхоналар энергетика ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун, айниқса, хорижий валютада қарз олишни сезиларли даражада оширди. Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, агар баъзи лойиҳалар натижалари кутилганидан ёмонроқ бўлса ёки нотўғри бошқарув ёки назорат вужудга келса, улар бу қарзни тўлашда муаммога дуч келиши мумкин.