Тошкент шаҳрида 9 ноябрь куни «Яшил шаҳар» куни ўтказилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, кўнгиллилар дарахтларни ўзлари хоҳлаган жойда — уй ҳовлисида, корхона ҳудудида ёки бошқа тавсия этилган мақбул жойларда экиши мумкин.

Пойтахтнинг иқлим шароити ва мавсумий хусусиятларини инобатга олган ҳолда, ягона экотизимни сақлаш учун мутахассислар дарахтларнинг яхши илдиз отиши учун қаламчалар ўрнига 2 ёшдан катта кўчатларни экишни ва суғориш тизими мавжуд жойларни танлашни тавсия этган.

Шунингдек, чинор, лола дарахти, липа, каталпа, заранг, қайрағоч, эман ва оқ/пушти акация каби дарахтлар экиш ҳам тавсия этилган. Бунга ушбу турдаги дарахтлар минтақада азалдан етиштирилгани ва узоқ йил умр кўриши билан ажралиб туриши сабаб қилиб кўрсатилган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг «Газета.uz» маълум қилишича, дарахт экишни истовчилар суғориш тизимига эга ер топа олмаса, ҳокимиятга @poytaxtuz_bot Telegram боти орқали мурожаат қилиши мумкин. Масъуллар мурожаат асосида тегишли ер майдонини топишга кўмаклашади.

Шунингдек, шаҳар ҳокимлиги жамоаси Янгиҳаёт ва Бектемир туманларида дарахтлар экишни режалаштирмоқда. Таъкидланишича, бу ташаббус айнан шу форматдаги илк лойиҳа ҳисобланади ва шу боис ҳокимлик ташкилотлар, корхона ҳамда фаол фуқароларни лойиҳага қўшилишга чақирган.