Буюк Британиянинг собиқ бизнес ва савдо вазири Кеми Баденок Консерватив партиянинг янги раҳбари этиб сайланди. У Британия сиёсий партиясини бошқарадиган биринчи қора танли аёл бўлди, деб ёзади Reuters.
44 ёшли Баденок бу лавозимда Консерватив партиянинг сайловлардаги энг йирик мағлубиятидан кейин партия етакчиси лавозимидан истеъфога чиққан собиқ бош вазир Риши Сунак ўрнини эгаллади — 2024 йил июль ойида консерваторлар Жамоатчилик палатасидаги 650 ўриндан атиги 121 ўринни қўлга киритганди.
Баденок 2016 йилдан бери консерваторларнинг бешинчи етакчиси ҳисобланади. У партия аъзоларининг 57% овозини олди, унинг асосий рақиби, собиқ иммиграция вазири Роберт Женрик — 43%. Сайловда партия аъзоларининг 72,8 фоизи овоз бериш ҳуқуқига эга бўлди.
Британия бош вазири ва Лейбористлар партияси раҳбари Кир Стармер унинг ғалабасини олқишлаб, «Вестминстер партиясининг биринчи қора танли етакчиси — бу мамлакатимиз учун шарафли лаҳза», — деди.
Баденок Консерватив партиянинг ўта ўнг қанотига мансуб бўлиб, сўз эркинлиги, эркин тадбиркорлик ва эркин бозор тарафдори. Ғалаба қозонганидан сўнг у ўз нутқида партия олдида турган иккита вазифани белгилаб берди: лейбористлар ҳукуматини жавоб беришга чақириш ва кейинги бир неча йил ичида 2029 йилда бўлиб ўтадиган парламент сайловларига тайёргарлик кўриш.
«Иш билан шуғулланиш, янгиланиш вақти келди», — деди Баденок.