Овозларнинг 99,82 фоизи санаб чиқилгач, Молдованинг амалдаги президенти Майя Санду давлат раҳбарлиги учун сайловнинг иккинчи босқичида ғалаба қозонди. Бу мамлакат МСК маълумотларида акс этади.
Санду 55,40% овоз олди, унинг рақиби, Социалистик партиядан номзод ва собиқ бош прокурор Александр Стояногло 44,60% овозни қўлга киритди.
Молдова ҳудудида овоз берган сайловчиларнинг аксарияти Стояноглони қўллаган. Четда яшовчи мамлакат фуқароларининг овозлари эса Санду фойдасига устунликни таъминлади. Хорижда Санду учун 82,71%, Стояногло учун 17,29% овоз берилган. Хорижий сайлов участкаларини ҳисобга олмаганда, Стояногло 51,19%, Санду 48,81% овоз олди.
4 ноябрга ўтар кечаси Санду сайлов натижаларига изоҳ бериб, Молдова «ғолиб» бўлгани, мамлакат фуқаролари эса «тарих дарсликларига киритишга арзийдиган демократия сабоғини беришганини» айтди.
«Биз бирлашиб, бизни камситмоқчи бўлганларни енгишимиз мумкинлигини исботладик. Молдова бутун Европа тарихида мисли кўрилмаган ҳужумга учради: „ифлос“ пуллар, ноқонуний овоз бериш, жиноий гуруҳларнинг сайлов жараёнларига аралашуви, жамиятимизда нафрат ва қўрқувнинг тарқалиши. Лекин халқимиз бирлашди, фуқаролар ғалаба қозонди», — деди амалдаги президент.
Шунингдек, у сайловчиларга рус тилида мурожаат қилиб, фуқароларга сайловга келганликлари учун миннатдорлик билдирди. Унинг сўзларига кўра, у ўзини қўллаб-қувватлаганларнинг овозини ҳам, Стояноглога овоз берганларнинг овозини ҳам эшитган. Санду «ҳамма учун» президент бўлишга ваъда берди.
«Муносиб келажакни танлашда ҳеч ким ютқазмайди. Биз турли нуқтаи назарларга эга бўлишимиз, турли тилларда гапиришимиз мумкин, лекин барчамиз фарзандларимиз учун тинчлик, ўзаро тушуниш ва муносиб ҳаётни истаймиз. Бу менинг Молдова учун яқин йилларга мўлжалланган асосий мақсадимдир. Биз жамиятни бирлаштиришимиз керак», — деди у.
Майя Санду 2020 йилдан бери Молдовани бошқариб келмоқда. Унинг даврида мамлакат Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза топширди ва номзод мақомини олди. Стояногло агар ғалаба қозонса, Европа Иттифоқи, АҚШ, Россия ва Хитой билан алоқаларни ўз ичига олган «мувозанатли» ташқи сиёсат олиб боришга ваъда берганди.
Молдова президенти сайловининг биринчи босқичи 20 октябрь куни бўлиб ўтган. Унда жами 11 нафар номзод иштирок этган. Молдовада президентлик сайловлари билан бир қаторда Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун конституцияни ўзгартириш бўйича референдум ўтказилган. Овоз берганларнинг 50,35 фоизи Европа интеграцияси тарафдори, 49,65 фоизи қарши чиққан. Мамлакатнинг амалдаги президенти Санду ҳам Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун овоз беришга чақирган.