Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов 31 октабр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Газета.uz»нинг Ўзбекистоннинг энергоресурслар таъминотида Россияга қарамлиги ҳақидаги саволига жавоб берди.

Битта етказиб берувчи билан боғлиқлик маълум бир хатарларни туғдиради, дея тан олди регулятор раҳбари.

«Буни битта давлатдан импорти[га келсак], биз учун энг асосийси [энергия ресурслари] қайси нархда кириб келиб, ички бозорда қанақа нархда шаклланиши. Ва, албатта, саволингиз ўринли, тўғри, чунки битта етказиб берувчи билан боғлиқлик, маълум жиҳатдан логистикадаги ёки бошқа жойдаги узилишлар, албатта, ички бозордаги нархларга таъсир қилади. Биз бунақа хатарни, албатта, инобатга олишга ҳаракат қилганмиз ва импорт параметрларини шаклланаётганда ҳукуматга ҳам ўз қарашларимиз ва фикримизни киритганмиз. Албатта, қандай ҳолатда бўлмасин, битта субъектга боғланиш маълум бир хатарларни туғдиради, бу бор нарса», — деди у.

Аввалроқ Марказий банк келгуси чоракларда энергия ресурсларини етказиб бериш ва уларнинг нархларининг ўзгариши, айрим товарлар етказиб беришдаги узилишлар билан боғлиқ рисклар инфляциянинг тезлашишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлаганди.

2023 йил 7 октабрдан Ўзбекистон куз-қиш давридаги тақчиллигининг бир қисмини қоплаш учун Қозоғистон ҳудуди орқали Россиядан газ импортини бошлаганди. Газ сотиб олиш бўйича шартнома икки йилга тузилган бўлиб, белгиланган харид ҳажми кунига 9 млн куб метр ёки йилига қарийб 2,8 млрд куб метрни ташкил этади.

Россиянинг Ўзбекистонга етказиб бераётган гази ҳажми айни дамда 5 млрд куб метрдан ошди, деганди яқинда Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова. Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотларига кўра, январь-сентябрь ойларида газ импорти 1 млрд 280 млн долларни ташкил этди, бу 2023 йилнинг дастлабки тўққиз ойига нисбатан 3,6 баробар кўп.

2023 йил бошида Ўзбекистонга бензин импорти ҳажми бир неча баробар ошди. Ўтган йилнинг дастлабки тўрт ойида мамлакатга 335,2 млн литр ёқилғи етказиб берилди, бу 2022 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 2 баробар кўп. Импортнинг умумий қиймати 136,67 млн долларни ёки литри учун 0,4 долларни ташкил этди. Бу ҳажм деярли тўлиқ Россия ҳиссасига тўғри келади.

2023 йилнинг 21 сентябрдан 17 ноябргача Россияда бензин экспортига тақиқ жорий қилинганди. Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бу ҳолат мамлакатдаги ёқилғи билан боғлиқ вазиятга таъсир қилганини айтганди.

2023 йилда Россиядан Ўзбекистонга етказиб берилган нефть ҳажми 154,3 минг тоннани ташкил этди, 2024 йил охирига келиб эса бу ҳажмни 500 минг тоннадан ошириш режалаштирилган.