Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов 31 октабр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистоннинг яна икки компанияси АҚШ санкциялари рўйхатига киритилишига изоҳ берди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) Ўзбекистоннинг икки компаниясига нисбатан Россиянинг технологик ва саноат секторидаги фаолияти учун санкциялар жорий қилганди.

Америка ҳукумати маълумотларига, Uzstanex санкция остидаги Россия компаниясига дастгоҳлар етказиб беришда, The Elite Investment Group эса «ГТС Групп»га трансформаторлар етказиб бериш жараёнида иштирок этган.

Марказий банк раисининг сўзларига кўра, регулятор санкциялар хавфидан хавотирда, бироқ иккита ҳукумат комиссияси ва банклар санкция остидаги компаниялар билан операцияларни олдини олиш чораларини кўрмоқда.

«Биз ҳам бундан жуда хавотирдамиз. Ҳукуматимиз, президентимиз томонидан иккита ҳукумат комиссиясини тузилган. Битта комиссия экспорт-импорт операцияларида санкцияларга тушиб қолиш эҳтимолини назорат ва мониторинг қилади, иккинчи комиссия пул ўтказмалари ва тўловларда санкцияларга тушиб қолиш эҳтимоли бўйича [ишлайди]. Айтишим керакки, бизда бирмунча кучли. Кўп ҳолатларда, сиз айтаётган ташкилот бўйича ҳам уларнинг тўловларини ўтказиш ёзда тўхтатилган… Банкларимиз OFAC ва Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича талабидан келиб чиққан ҳолда экспортёр ва импортерларга ўзларининг ички талабларини қўйган. Уларнинг амалга оширилиши маълум даражада бизнинг санкциялар остида қолиш хавфимизни пасайтириб турибди», — деди Марказий банк раиси.

Мамаризо Нурмуратов, шунингдек, OFAC билан биргаликда Ўзбекистон тадбиркорларига 4,6 млн долларни қайтариш бўйича ишлар олиб борилаётганини қўшимча қилди. Ушбу миқдордаги тўловлар хорижий банклар томонидан қабул қилинмаган ва музлатиб қўйилган.

Аввалроқ АҚШ ҳукумати Polarstar Logistics компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, шунингдек, Mvizion, «Оҳангаронцемент», Ucell`да улушга эга бўлган ва Ўзбекистондаги маркировкалаш тизимининг оператори ҳисобланадиган Digital Invest компанияси ҳамда бир қатор жисмоний шахсларни санкциялар рўйхатига киритганди.