Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги мактабда ўқитувчи аёл ва ўқувчи қиз ўртасида жанжал келиб чиқди. Болалар омбудсмани ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Таъкидланишича, ҳолат 17 октябрь куни 32-сонли ўрта таълим мактабида содир бўлган. Алгебра фани ўқитувчиси М.М. (аёл) ва 10 «Б» синф ўқувчиси Э.Ў. (2008 йилда туғилган қиз) ўртасида ўзаро келишмовчилик келиб чиққан.
Шундан сўнг ўқитувчи М.М. ўқувчи Э.Ў. нинг юз қисмига урган, ўқувчи қиз ҳам қўл кўтармоқчи бўлганида, улар биргаликда полга йиқилиб тушишган, дейилади хабарда.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилиб, М.М. ва Э.Ў. нинг хатти-ҳаракатларига чора кўриш учун мазкур иш материаллари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига (Майда безорилик) асосан судга юборилди.
Шунингдек, Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдирган. Қайд этилишича, ҳолат бошқарма ва ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари томонидан ўрганилмоқда.