Ўзбекистонда 2025 йилда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни инфляциядан паст бўлмаган даражада ошириш режалаштирилмоқда. Бу Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан эълон қилинган, 2025−2027 йилларга мўлжалланган бюджетнома лойиҳасида назарда тутилган.

Кейинги йил инфляция 7 фоиз бўлиши прогноз қилинмоқда.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, иш ҳақини (бюджетда режалаштирилган параметрлардан ташқари) 1 фоизга қўшимча ошириш учун йилига 1,5 трлн сўм (2024 йилда бу кўрсаткич 1,3 трлн сўм эди), пенсияларни 1 фоизга ошириш учун эса 730 млрд сўм (600 млрд сўм) талаб этилади. Нафақа олувчилар сонининг 10 фоизга кўпайиши эса йилига 740 млрд сўмга тушади.

Келгуси йилда бюджет тузилмасида иш ҳақи харажатларининг (ижтимоий солиқларни ичига олган ҳолда) улуши ялпи ички маҳсулотга нисбатан 9 фоиздан 9,5 фоизгача ошиши ва давлат умумий харажатларининг қарийб 44,8 фоизини ташкил этиши кутилмоқда. Давлат бюджетининг иш ҳақи бўйича умумий харажатлари 27,6 трлн сўмга — 126,7 трлн сўмдан (дастлаб 133,3 трлн сўм бўлиши режалаштирилганди) 154,3 трлн сўмга (+21,8 фоиз) ошиши прогноз қилинмоқда.

Молиячи Отабек Бакиров иш ҳақини ошириш 2024 йилдагидек IV чоракда эмас, биринчи ярим йилликда амалга оширилиши мумкинлигини тахмин қилди.

Пенсия олувчилар сони 4,1 млн кишидан 4,3 млн кишига (300 минг янги пенсия олувчилар ва -100 минг), пенсия таъминотига сарфланадиган харажатлар эса 64,1 трлн сўмдан 75 трлн сўмгача (+17 фоиз) ошиши кутилмоқда. Ўртача пенсия миқдорининг ўсиши 11,7 фоиз даражасида бўлиши (1,299 млн сўмдан 1,45 млн сўмгача) прогноз қилинмоқда.

Рақамларга қараганда, 2025 йилда стипендиялар миқдори оширилмайди (кетма-кет тўртинчи йил). Давлат бюджетининг стипендиялар бўйича умумий харажатлари 1,9 трлн сўмдан 2 трлн сўмгача (+5,3 фоиз) ошиши талабалар сони билан боғлиқ бўлиши мумкин.

2024 йилда иш ҳақи

2024 йилги Давлат бюджетида иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдорини ошириш учун 9,55 трлн сўм миқдорида маблағ назарда тутилганди. Бюджетномада иш ҳақини 1 фоизга ошириш йилига 1,3 трлн сўм, пенсияларни 1 фоизга ошириш эса йилига 600 млрд сўм қўшимча харажатларга олиб келиши айтилганди.

Бюджетдан ажратилган маблағ 1 майдан иш ҳақи ва пенсияларни 7,5 фоизга ошириш учун етарли бўлди. Бу ерда қуйидаги формула ишлатилган: (9,6 / 1,3 + 0,6) * 12/8.

Шу билан бирга, пенсия ва нафақалар 1 сентябрдан 15 фоизга оширилди — йилнинг қолган 4 ойи учун қўшимча харажатлар 3 трлн сўмни ташкил этди, иш ҳақининг 1 октябрдан ўртача 12,5 фоизга (ўқитувчилар ва шифокорларники 15 фоизга, қолганларники 10 фоизга) оширилиши эса қолган 3 ой учун 4,1 трлн сўм қўшимча харажатлар талаб қилди. Формулалар: пенсиялар учун 15 = 12/4 * (Х/0,6) ва иш ҳақи учун 12,5 = 12/3 * (Х/1,3).

Давлат бюджетининг иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорини ошириш бўйича жами харажатлари 7,1 трлн сўмни ташкил этди, бу дастлаб режалаштирилганига (9,6 трлн сўм) нисбатан қарийб 2,5 трлн сўмга кам.

2025 йилда иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорини ошириш харажатлари учун 6,63 трлн сўм йўналтирилиши режалаштирилмоқда.