Ўзбекистон АҚШ билан Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлади. Бу ҳақда 3 ноябрь куни президентнинг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Урунов LinkedIn`да маълум қилди.
Қўшма Штатлар Ўзбекистон билан ташкилотга аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаган 21-давлат бўлди.
«14 ойлик фаол музокаралар ўз мантиқий манзилига етди! Бу осон бўлмаган йўл, мураккаб, аммо мазмунли музокаралар, умр бўйи эсда қоладиган тажриба бўлди. Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбарининг ушбу ташкилотга қўшилиш борасидаги кўрсатмалари ва қўллаб-қувватлашлари, президентимиз ёрдамчиларининг ислоҳотларни фаоллаштиришдаги сай-ҳаракатлари, бир бутун ЖСТ жамоасининг тинимсиз меҳнати натижасидир», — дея ёзди у.
Президентнинг махсус вакили АҚШ савдо вакили офисига «конструктив иштироки» учун миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчиси Фурқат Сидиқов ва дипломатик ваколатхона ҳузуридаги савдо маслаҳатчиси Оқил Убайдуллаевга ташаккур изҳор қилди.
Ҳозирда томонлар бозорга кириш тўғрисидаги баённомани имзолашга тайёргарлик кўрмоқда.
Сентябрь ойида Ўзбекистон 18 та давлат билан ЖСТга аъзо бўлиш бўйича музокараларни якунлади. Бразилия ва Шри-Ланка билан бозорга кириш бўйича музокараларни тугатиш тўғрисида баённомалар имзоланди.
Август ойида тадбиркорлар билан учрашувда президент Шавкат Мирзиёев ЖСТга аъзо бўлишни «чуқур ўйланган ва узоқни кўзлаган танлов, қолаверса, ислоҳотларимизнинг ажралмас бир қисми» деб таърифлаганди. Илгари иқтисодиёт «маълум даражада ҳимояга муҳтож эди», аммо бу йўлдан боришда давом этсак, мамлакат имкониятлари чекланиб қолади, деганди у.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев май ойида Ўзбекистон 2026 йилда Камерунда бўлиб ўтадиган 14-вазирлар конференциясига қадар Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш ниятида эканини маълум қилганди.
Ўтган йилнинг август ойида президент 2025 йилдан бошлаб импорт дори воситалари ва тиббий буюмларни божхонада расмийлаштириш йиғимини бекор қилиш, импорт товарларни давлат тилида маркировкалаш тартибига ўзгартиришлар киритиш ва бошқа масалаларни назарда тутувчи фармонни имзолади.
Алоҳида фармон билан металлургия, кимё, энергетика ва телекоммуникациялар соҳасидаги мутлақ ҳуқуқлар ҳам бекор қилинмоқда. Бундан ташқари, 2026 йил июль ойидан бошлаб маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун давлат харидларида имтиёзлар, шунингдек, маҳаллий электротехника учун нарх имтиёзлари қисман бекор қилинади.