4 ноябрь куни тонгда Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида Cobalt автомобили ва Isuzu автобуси тўқнашиб кетгани ортидан машиналарда ёнғин чиқди. Вилоят ИИББ ЙҲХБ ҳолат бўйича суриштирув ишлари кетаётганини маълум қилди.
Маълум бўлишича, Cobalt ҳайдовчиси автомобиль йўлида кетаётганда йўлнинг мумкин бўлган қисмидан қайрилиб олаётган Isuzu автобуси билан тўқнашиб кетган. Ҳодисадан сўнг транспорт воситаларида бўлган фуқаролар автомобиль салонидан чиқариб олинган. Вафот этганлар йўқ.
Бироздан сўнг автоуловларда қисқа туташув юз бериб, ёнғин келиб чиққан. Ёнғин ҳудудий Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан бартараф этилган. Ёнғин натижасида атрофдаги бошқа фуқароларга зарар етмаган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Оҳангарон тумани ИИБ ходимлари суриштирув ишлари олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, 3 ноябрь куни Қамчиқ довонида юк автомобили ёниб кетгани ортидан довон йўлида ҳаракатни вақтинча тўхтатишга тўғри келганди.