Май ойида қўлга олинган Сирдарё вилояти Ховос тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари 7 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, амалдор қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилиш билан шуғулланувчи корхонага тегишли ерларни ҳокимлик захирасига олмаслик эвазига 20 минг доллар талаб қилган. Шу билан бирга, у ташкилот фаолиятига ҳеч ким аралашмаслигини таъминлаши керак бўлган, бироқ 1000 доллар олган вақтида қўлга олинган.

Мансабдор шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми «а» банди билан (Жуда кўп миқдорда фирибгарлик), шунингдек, 28,211-модда 3-қисми «а» банди билан (Жуда кўп миқдорда пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, ДХХ бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари билан биргаликда яна бир туман ҳокими ўринбосари ҳамда икки нафар ҳоким ёрдамчисининг маҳаллаларда қўлга олингани ҳақида хабар берди.

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани ҳокимининг ўринбосари Корашин шаҳарчасини ободонлаштириш доирасидаги объектни фойдаланишга қабул қилиш далолатномасини имзолагани учун 5 минг доллар олаётган вақтида қўлга олинган.

Олиб борилган тезкор тадбир давомида вилоят ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси» етакчи мутахассиси ҳам 15 млн сўм олаётган вақтда ушланган. Ушбу маблағ объектдаги камчиликлар бўйича солиштирма далолатнома расмийлаштириш учун мўлжалланган.

Қўлга олинганларга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «а» банди (Тамагирлик йўли билан пора олиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган ва қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Навоий вилояти Навоий шаҳрида рўйхатдан ўтган компания раҳбари маҳаллалардан бирида Хатирчи туманидаги ҳоким ёрдамчисининг тақдимномасига асосан бир фуқарога банкдан 100 млн сўм имтиёзли кредит ажратиб беришни ваъда қилиб, 20 млн сўм олаётган вақтида қўлга олинган.

Муқаддам судланган ҳоким ёрдамчиси ўз «хизмати» учун 10 млн сўм ҳамда Хатирчи туманидаги банк мутахассиси тегишли ҳужжатларни тайёрлаб, кредит маблағи ажратиб бериш эвазига 2 млн сўм олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Андижон вилояти Шаҳрихон тумани ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчиси фуқарога 9 млн сўм тўласа, 100 млн сўм имтиёзли кредит олишни ваъда қилган. Бироқ у пулларни олаётганида қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси ва 214-моддаси (Давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган.