Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри ҳокимининг ўринбосари жуда катта миқдорда пора олган вақтида ушланди, деб хабар берди Давлат хавфсизлик хизмати.

ДХХ ва Бош прокуратура департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда аниқланишича, Чирчиқ шаҳри ҳокимининг ўринбосари хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, фуқарога ҳокимлик захирасидаги 20 гектар ерни олиб беришни ваъда қилган. У 40 миллион доллар инвестиция киритишни шарт қилиб қўйган ва ерни аукционга чиқариб, 49 йил муддатга унга эгалик қилиш ҳуқуқини расмийлаштириб беришини айтган.

Ҳоким ўринбосари хизмати учун 2 миллион доллар талаб қилиб, шундан 1 миллион долларни ҳайдовчиси орқали олаётганда қўлга олинган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилди ва қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.