АҚШда 5 ноябрь куни президент сайлови (шунингдек, Конгресс аъзолари сайлови, айрим штатларда эса губернаторлар ва ҳудудий қонунчилик органларига сайловлар) ҳам бўлиб ўтади. Давлат раҳбари лавозими учун Демократик партиядан амалдаги вице-президент Камала Ҳаррис, Республикачилар партиясидан эса собиқ президент Дональд Трамп номзоди кўрсатилган. Номзодларнинг нуқтаи назарлари кўплаб масалалар бўйича бир-бирига мос келмайди. Сайловда ғолиб чиққанидан сўнг, ҳар бир номзоддан у ёки бу соҳаларда нималар кутиш мумкин? Meduza шу саволга жавобларни соҳалар кесимида бир саҳифага жамлади.
Иқтисодиёт
Камала Ҳаррис истеъмол товарлари нархининг кескин ошишини тақиқлашга доир қонунни қабул қилишни, турар жой қурилиши суръатини оширишни ҳамда корпорациялар ва бадавлат америкаликларга солинадиган солиқларни ошириш эвазига ўрта ва кам даромадли оилалар учун солиқ имтиёзларини кенгайтиришни ваъда қилмоқда. Дональд Трамп эса армия учун харажатларни оширишни, солиқларни кенг миқёсда камайтиришни ва бюджетни барча импорт маҳсулотларга савдо божларини ошириш ҳисобидан бойитишни режалаштиряпти.
Давлат қарзи
Қайси номзод сайланишидан қатъи назар, қарз миқдори ошади. Ҳозир АҚШ миллий қарзининг ҳажми мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ)га нисбатан 99 фоизга тенг ҳамда бюджет даромадлари ва харажатларининг жорий даражасида у 2026 йилда 102 фоизга ва 2035 йилда 125 фоизгача ўсади. Иқтисодчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ҳаррис президент бўлса, қарз ҳажми 10 йил давомида ўртача 4 трлн долларга — ЯИМга нисбатан 133 фоизгача ошади. Трамп президент бўлса, қарз 7,75 трлн долларга ўсиб, ЯИМга нисбатан 142 фоизга етади.
Аборт масаласи
Камала Ҳаррис аборт қилдириш бўйича АҚШ Олий суди томонидан 2022 йилда бекор қилинган федерал ҳуқуқнинг қайта тикланишига эришмоқчи. Аммо бунинг учун Конгресснниг ҳар икки палатаси розилиги — Вакиллар палатасида кўпчиликнинг қўллови ва 100 сенатордан камида 60 нафарининг овози керак бўлади. Дональд Трамп эса бу масалани штатлар бунинг ўзига ҳавола қилиш керак, деб ҳисоблаяпти ва абортларни федерал даражада тақиқлашга доир қонун лойиҳасини имзоламасликка ваъда берган.
Иммиграция
Трамп қурилиши ўзининг президентлиги даврида бошланган Мексика билан чегарадаги деворни охирига етказишни ҳамда армия ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органларини жалб қилган ҳолда ноқонуний муҳожирларни депортация қилиш бўйича АҚШ тарихидаги энг кенг кўламли операция ўтказишни режалаштирмоқда. Шунингдек, у АҚШ визаси талабгорларига нисбатан «қатъий ғоявий текширув» жорий этишни ва унинг ўзи жиноятчи ва фирибгар деб ҳисоблайдиган одамларни фуқароликдан маҳрум этишни ҳам таклиф қилган.
Ҳаррис президент Жо Байденнинг муҳожирларга бошпана беришни чеклашга оид фармонини қўллаб-қувватлаган ва ҳар иккала партиянинг қўлловига қарамай, Трампга тарафдор мухолифатнинг саъй-ҳаракатлари сабаб Сенатдан ўтолмаган иммиграция ислоҳотига доир қонунни имзолашга ваъда берган. У АҚШда узоқ вақтдан бери яшаб келаётган ва қонун билан муаммоси йўқ ноқонуний муҳожирларга фуқаролик олиш имкониятини тақдим этишни таклиф қилмоқда.
Жиноятчиликка қарши кураш
Трамп полиция фаолиятини ислоҳ қилишга қаратилган ҳаракатга қарши ва полициячиларнинг қўлга олинган шахсларнинг ҳуқуқларини бузганлиги устидан фуқаролик шикоятларига қарши иммунитетини кучайтиришни ваъда қилмоқда. У полициянинг «бир кун ҳақиқатан қаттиққўл ҳаракат қилиши» жиноятчиликни сезиларли камайтиришга ёрдам бериши ҳақида гапирган. Шунингдек, Трамп, агар президент бўлса, оммавий тартибсизликларни бостириш учун армиядан фойдаланиш ҳуқуқига эгаман, деб ҳисоблайди. Ҳаррис аввалроқ полициячилар сонининг кўпайиши жиноятчилик муаммосини ҳал қила олмаслиги ҳақида гапирган бўлса-да, сўнгги чиқишларида полиция фаолияти молиялаштирилишининг оширилишини қўллаб-қувватлашини билдирган. Бундан ташқари, у наша (марихуана)нинг декриминализация қилиниши тарафдори.
Ўқотар қуролдан фойдаланиш ҳуқуқи
Ҳаррис ўзи ҳам қуролга эгалик қилишини тан олган бўлса-да, қурол харидорларининг маълумотларини умумий текширувини, ҳужумкор сойли милтиқлар ва сиғими катта ўқдон (магазин)лар сотувига тақиқни, шунингдек, red-flag laws деб аталувчи, суд томонидан ўзи ва атрофдагилар учун хавф туғдиради деб топилганлардан ўқотар қуролларни тортиб олишга имкон берувчи қонунларни қўллаб-қувватлашини билдирган. Трамп бўлса бу соҳада ҳар қандай янги чекловга қарши ва президент этиб сайланса, бу соҳага доир Байден маъмурияти даврида қабул қилинган барча қарор (чеклов)ларни бекор қилишни ваъда бермоқда.
Иқлим ўзгариши
Дональд Трамп иқлим ўзгаришини «тарихдаги энг катта ёлғон» деб ҳисоблайди. У Байден даврида «яшил энергетика»ни ривожлантириш учун қабул қилинган барча субсидия қарорларини тақиқлашга ҳамда нефть ва газ қазиб олишга қўйилган бутун чекловларни бекор қилишни ваъда қиляпти. Ҳаррис эса қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва иссиқхона гази ажратмаларининг янада камайтирилиши тарафдоридир.
Халқаро сиёсат
Байден каби, Ҳаррис ҳам Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни давом эттириш тарафдори ҳамда Украинанинг ўз ҳудудларидан ва НАТОга аъзо бўлиш фикридан қайтиши Россия билан тинчлик шартномасининг шартлари бўлмаслиги керак, деб ҳисоблайди. У Шимолий Атлантика альянси бўйича ва Тинч океани минтақасидаги иттифоқчиларни қўллаб-қувватлайди. Ғазодаги уруш масаласида эса, Ҳарриснинг фикрича, Исроил ўзини ҲАМАСдан ҳимоя қилишга ҳақли, АҚШ эса Исроилга қурол юбориш билан бир вақтда ўт очишни тўхтатишга чақиришда ва Фаластин давлати ташкил этилишини қўллаб-қувватлашда давом этиши керак.
Трамп эса, ўз навбатида, АҚШнинг НАТО бўйича иттифоқчиларини қоралайди ва улар мудофаа учун жуда кам харажат қиляпти, деб ҳисоблайди. У, агар президент этиб сайланса, Украинадаги урушга ўзининг инаугурациясига қадар нуқта қўйишни ваъда қиляпти ва АҚШ Киевни келгусида ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллаб туришига зарурат борлигига шубҳа билан қарамоқда. Трамп Хитой ва Эронга қарши кураш масаласида бундан-да қатъийроқ нуқтаи назарда ва Исроилни сўзсиз қўллаб-қувватлаш керак, деб ҳисоблайди.
Кадрлар сиёсати
Трамп профессионал давлат хизматчиларини ишдан бўшатиш жараёнини соддалаштиришни режалаштиряпти, у шу тариқа бўшаган ўринларни ўз тарафдорлари билан тўлдирмоқчи. У ижро ҳокимияти идоралари тўлиқ президентга бўйсуниши, Адлия вазирлиги ва Федерал тергов бюроси автономиядан маҳрум этилиши, унинг ўзи эса президент сифатида прокурорларни лавозимидан бўшата олиш ваколатига эга бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, Трамп 2021 йил 6 январдаги тартибсизликлар охирида Капитолийга ҳужум қилганларни ҳам афв этиш ниятида.
Ҳаррис давлат хизматчилари ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ролига анъанавий нуқтаи назар билан қарайди. У ўз маъмуриятига Республикачилар партиясидан ҳам бирор вакил тайинлашга, ҳар иккала партия аъзолари иштирокида маслаҳат органи ташкил этишга ваъда берган.
P. S. Хўш, сайловда ким ютади?
Бу номаълум. Умуммиллий сўровларда Ҳаррис Трампни арзимас, 1 фоизлик фарқ билан ортда қолдиряпти. Сайлов тақдирини ҳал қиладиган иккиланувчи етти штатдан тўрттасида — Невада, Висконсин, Мичиган ва Пенсильванияда Ҳаррис, қолганларида — Жоржия, Шимолий Каролина ва Аризонада эса Трамп пешқадамлик қилмоқда. Аммо бу штатларда ҳам аксарият сўровларда у ёки бу томоннинг устунлиги статистик хатолик даражасида — 2 фоиз атрофида, холос.