2025 йил 1 февралдан бошлаб янги лойиҳалаштириладиган давлат органлари, савдо ва бизнес марказлари, кўнгилочар ва дам олиш масканлари, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, меҳмонхоналар, халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларидаги автотураргоҳларнинг камида 5 фоизида электромобилларни қувватлантириш станциялари ўрнатилиши лозим.

Қайд этилишича, ушбу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 1 ноябрдаги «Республикада 2024−2025 йилларда электромобиллардан фойдаланиш инфратузилмасини кенгайтиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжатга кўра, кўп квартирали уй-жойлар ҳудудида, шу жумладан, кўп квартирали уй-жойлар автотураргоҳларида энг юқори қуввати 22 кВт бўлган станцияларни ўрнатиш режалаштирилмоқда.

Давлат тасарруфида бўлган бўш турган, шунингдек, давлат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, давлат иштирокидаги корхоналар ҳудудида станцияларни ўрнатиш жойини K-SAVDO ААТ орқали электрон онлайн-аукционга чиқарган ҳолда ижарага беришга рухсат берилди.

Ҳудудларда электр таъминотининг техник ҳолати ва мавжуд қувватлардан келиб чиқиб, станциялар ўрнатиладиган ҳудудлар 120 ойгача фойдаланиш ҳуқуқи асосида аукцион орқали сотилиши ёки ижарага берилиши мумкин.

Ижарага бериладиган жойда 6 ой мобайнида аукцион ғолиби томонидан станциялар ўрнатилмаган тақдирда, ижара шартномасини белгиланган тартибда бекор қилиш чоралари кўрилади ҳамда ушбу ер участкаси, кўчмас мулк (кўчмас мулкнинг бир қисми) қайтадан аукционга чиқарилади.

Қарорда электромобилларни қувватлантириш станцияларини ўрнатишнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланган:

  • автотураргоҳлар, ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида;
  • савдо ва бизнес марказлари, умумий овқатланиш корхоналари, меҳмонхона ва кўп квартирали уй-жойлар атрофида;
  • автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида.

2024 йилда республика бўйича кўп қаватли уйлар ёнидаги автотураргоҳларга 7864 та, 2025 йилда эса 15 729 та электромобилларни қувватлантириш станцияси ўрнатиш режа қилинган.