Рақобат қўмитаси «Invest Finans Bank» АЖга кредит хизмати рекламасида истеъмолчиларни чалғитувчи маълумот берилганлиги учун молиявий жарима қўллади. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар бермоқда.

Банк Тошкент шаҳрининг бир қатор кўчаларидаги LED мониторли реклама объектларига реклама эълон берган. Унда «50 000 000 танишларсиз, 50 кун фоизларсиз, 5 йилга, таътил учун, таъмирлаш учун, техника учун» мазмунидаги ахборот келтирилган.

Мазкур реклама бўйича банкнинг расмий веб-сайти ўрганилганда, фақатгина «INFIN BLACK» кредит картаси учун 50 миллион сўмгача, 60 ойга, йиллик 23,99 фоиздан кредит ажратилиши, картадан нақд пул ечиш 2 фоиз, картадан картага пул ўтказиш 1 фоиз, алоҳида белгиланадиган фоиз ставкаси йиллик 25,55 фоиздан 54,75 фоизгача кўрсатилган.

Кредит бўйича қўшимча шартлар ва муҳим маълумотлар ташқи рекламада кўрсатилмаган, дейилади хабарда.

Ташкилотнинг Махсус комиссияси банкни «Реклама тўғрисида»ги ҳамда «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун талабларини бузган деб топди. Унга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди.

Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Рақобат қўмитаси Davr Bank`ка нисбатан микрокредит бўйича ташқи рекламада аниқ маълумотларни келтирмагани учун молиявий жарима қўллаганди.