Ҳаво сифатининг хавфли даражада бузилгани сабабли душанба куни Покистоннинг маданий пойтахти Лаҳорда бошланғич мактаблар бир ҳафтага ёпилди, деб ёзмоқда AP.
Лаҳордаги чора-тадбирлар 14 миллион аҳоли яшайдиган шаҳарда болаларни нафас олиш аъзолари ва бошқа касалликлардан ҳимоя қилиш бўйича катта саъй-ҳаракатларнинг бир қисми саналади. Ҳукумат ҳудуддаги ҳар бир киши юз ниқоби тақиши шартлигини айтмоқда.
Ходимларнинг 50 фоизи шаҳардаги «яшил карантин» доирасида уйдан ишлаши керак. Шунингдек, фильтрлардан фойдаланмаган ҳолда барбекюлар тайёрлаш тақиқланди ва моторли рикшалардан фойдаланиш чекланди. Тўй ўтказиладиган заллар соат 22:00 да ёпилиши лозим ва сунъий ёмғир ифлосланишга қарши курашиш учун ишлатилиши мумкин.
Лаҳордаги ҳаво сифати индекси дам олиш кунлари 1000 дан ошди, бу Покистонда рекорд даражадир. Ҳиндистонга чегарадош шарқий Панжоб провинцияси пойтахти Лаҳорда ҳаво сифати ёмонлаша бошлаганидан бери заҳарли кулранг тутун ўн минглаб одамларни, асосан болалар ва кексаларни хасталамоқда.
Ҳукумат, шунингдек, айрим ҳудудларда қурилиш ишларини тақиқлаб, тутун чиқарадиган транспорт воситалари эгаларини жаримага тортди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича Панжоб департаменти хабарига кўра, ҳаводаги PM2,5 ёки майда заррачалар концентрацияси 450 га яқинлашган.
Покистон Ҳиндистон шамолларини Лаҳорда ҳаво сифатининг ёмонлашуви ва тутуннинг «хавфли даражага» кўтарилишида айблади, деб ёзади Times of India. «Ҳиндистондан Лаҳорга томон эсаётган шамол туманни хавфли даражага олиб чиқади ва шамол камида кейинги ҳафтагача ўз йўналишини сақлаб қолиши мумкин. Одамлар уйларидан заруратсиз чиқмаслик орқали ўзларини эҳтиёт қилишлари керак», дейилади унда.
Хабар эълон қилинган вақтда ҳам Лаҳор дунёнинг ҳавоси энг ифлосланган шаҳри бўлиб турибди.
2023 йил охирида Покистон ҳукумати Лаҳордаги ҳаво ифлосланишига қарши курашиш учун илк бор сунъий ёмғир ёғдирганди. Жараён бир муддат ҳаво сифатини яхшилаган, аммо бу кўпга чўзилмаган. Фаоллар атроф-муҳит ифлосланишини дарахтлар кесилиши, қурилишишлари ва чиқинди газлар билан боғлаган.
Лаҳор бир вақтлар — XVI-XIX асрларда ҳар ерида боғлари бор шаҳар сифатида танилган. Аммо жадал урбанизация ва аҳоли сонининг ўсиш суръати яшиллик учун кам жой қолдирди.