Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун 5−6 ноябрь кунлари амалий ташриф билан Бишкек шаҳрида бўлади.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, бу галги саммит кун тартибидан ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ўрин олган.

«Ҳар доимгидек, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, ишбилармонлик алоқаларини рағбатлантириш, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш вазифалари эътибор марказида бўлади», — дейилади хабарда.

Етакчилар, шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашади.

Йиғилиш якунида қатор қўшма қарор ва ҳужжатлар, жумладан, Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилган Туркий дунё хартияси қабул қилиниши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳужжатни «соҳанинг етук олимлари ва экспертлар иштирокида тайёрлаш» таклифи 2023 йилнинг ноябрь ойида берилганди.