Шавкат Мирзиёев 5 ноябрь куни ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб этиш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.

Давлат раҳбарининг 23 сентябрдаги фармони билан қабул қилинган «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурида ижтимоий етимликнинг олдини олиш, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ғамхўрлик кўрсатиш ҳамда тарбиялаш вазифалари ҳам белгиланган.

Ҳужжат шарт-шароитларни имкон қадар оилага яқин муҳитда яратишга, ҳар бир болага индивидуал ёндашишга қаратилган. Шунга мувофиқ, бундай болаларни тарбияга бериш ва уларга ижтимоий хизмат кўрсатишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Жумладан, болани тарбияга беришда оила муҳитини сақлаб қолишга устуворлик берилади. Бунда аввало васийлик, ҳомийлик ёки фарзандликка бериш қўллаб-қувватланади. Ихтисослаштирилган муассасага энг сўнгги чора сифатида жойлаштирилади.

Бундан ташқари, фарзандларни оиланинг камбағаллиги туфайли Меҳрибонлик ва Болалар уйларига жойлаштириш амалиёти бекор қилинмоқда. Камбағал оила вакиллари ишга жойлашган тақдирда, боласи уч ёшга тўлгунча боғча харажатлари учун Ижтимоий ҳимоя жамғармасидан компенсация берилади.

Болалар уйларида «Оналар маскани» ташкил этилиб, унда боласидан воз кечмоқчи бўлган оналар жойлаштирилади. Уларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий хизматлар кўрсатилади, оналик кўникмалари ўргатилади ҳамда касб эгаллашига кўмаклашилади. Бу каби хизматларни ташкил килишда нодавлат ташкилотлари ҳам кенг жалб қилинади, дейилади матбуот хизмати хабарида.

Оғир ҳаётий вазиятга тушган болалар тарбияга берилгунига қадар «Инсон» маркази томонидан оилавий болалар уйига жойлаштирилади. Тарбияга бериладиган болалар учун индивидуал ривожланиш режаси ишлаб чиқилади.

Етим болаларни аниқлаш, уларни тарбияга олиш истагини билдирган шахслар маълумоти «Ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида юритилади. «Инсон» марказлари болаларнинг қонуний вакили этиб белгиланади ҳамда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади.

Шунингдек, бу марказлар тарбияга берилган болаларнинг турмуш шароитини, ёрдамларнинг мақсадли ишлатилишини ва тарбияга олган шахслар мажбуриятларини мониторинг қилиб боради.

Оилавий болалар уйини ташкил этган фуқаролар ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида белгиланади. Тутинган оилаларда тарбияланаётган болаларга умумий ўрта ва ўрта махсус таълимни тугатгунича яшаш ва парваришлаш харажатлари тўланади.

Аввалроқ Қонунчилик палатаси ривожланган давлатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни қабул қилган, Сенат эса маъқуллаган эди. Унда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослар мустаҳкамланиб, тегишли давлат органлари ҳамда уларнинг ваколатлари аниқ белгиланган. Президент ушбу қонунни имзолади, дейилади хабарда.

Тақдимотда ногиронлиги бўлган шахсларни спортга жалб этишга қаратилган таклифлар ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистонда 19 та параспорт тури билан шуғулланишга шароит яратилган. 25 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар спорт билан шуғулланиб келмоқда.

Бу борадаги имкониятларни кенгайтириш мақсадида қатор чора-тадбирлар кўзда тутилмоқда. Хусусан, давлат спорт мактабларида адаптив спорт бўйича гуруҳлар ташкил этиш, маҳаллалардаги майдончаларни ногиронлиги бўлган шахсларга ҳам мослаштириш таклиф этилмоқда.

«ERP-sport» электрон тизимида ногиронлиги бўлган шахсларнинг алоҳида ҳисобини юритиш орқали уларнинг имкониятига мос спорт турлари автоматик аниқланади. Реабилитация марказларида жисмоний терапия, механотерапия, физиотерапия каби замонавий реабилитация усулларини қўллаш кенгайтирилади.

Шу билан бирга, адаптив жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини тайёрлашга ҳам эътибор кучайтирилади. Бу йўналишда халқаро мусобақаларда ғолиб бўлганлар ҳамда уларнинг мураббийларини моддий рағбатлантириш тизими жорий қилинади.

Давлат раҳбари бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга қулайликлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди.