Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Тошкент вилоятининг бир қатор туманларидаги МИБ, солиқ, божхона тизими ходимларини пора олганликда гумонлаб қўлга олди. Мазкур ҳолатлар Коррупцияга қарши курашиш доирасида ўтказилган бир нечта тезкор тадбирларда маълум бўлди.
Тошкент вилояти божхона бошқармасининг «Яллама» чегара божхона пости инспектор-суриштирувчиси Ўзбекистонга тақиқланган товарларни олиб кирган тадбиркорнинг ҳуқуқбузарлиги судда кўриб чиқилаётганда мансабдор танишлари орқали унга енгиллик яратиб беришга ваъда берган. Қолаверса, у товарларни Ўзбекистондан қайтариб олиб чиқиб кетишида ёрдам беришни ҳам зиммасига олмоқчи бўлган. Божхона пости ходими 1000 доллар олган вақтида ушланди.
Терговга қадар текширувда у муқаддам 300 доллар пул олгани ҳам маълум бўлди. Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди (Хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик қилиш) ва 28, 211-моддаси (пора беришда иштирок этиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Бошқа ҳолатда Мажбурий ижро бюросининг Қибрай туман бўлими давлат ижрочиси фуқаронинг кредит қарздорлиги сабабли хатловга олинган мол-мулкини аукцион савдоларга чиқармасликка ваъда берган. Ходим, шунингдек, фуқарога нисбатан ўзининг иш юритувида бўлган ижро ишини тугатиб бериш эвазига 5 минг доллар талаб қилиб, муқаддам 2 минг доллар олган. У пулнинг қолган қисмини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Ҳозирда давлат ижрочисига Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди (Тамагирлик йўли билан пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зангиота туманида кузатилган ҳолатда туман солиқ инспекциясининг шуъба бошлиғи вазифасини бажарувчи шахс қурилиш моллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган оилавий корхонанинг фаолиятига раҳнамолик қилиш ва 1 йил давомида текширув ўтказмаслик эвазига 1200 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушди. Мазкур мансабдор шахс ҳам пора олганликда гумонланиб қўлга олинган.