АҚШда бугун, 5 ноябрь куни президентлик сайлови бўлиб ўтади. Сайлов санасига яқинлашган сари тебранувчи штатларда ўтказилган сўровлар натижалари шуни кўрсатдики, Трамп ва Ҳаррисни сайловчилар томонидан қўллаб-қувватлаш даражасидаги фарқ борган сари аҳамиятсиз бўлиб бормоқда. Қуйида ББС рус хизмати сайлов тўғрисида тайёрлаган материалнинг таржимасини тақдим этамиз.

Бу йил баъзи штатларда — жумладан, бир нечта тебранувчи штатларда овоз бериш натижалари 2020 йилдан бери амалда бўлган овоз бериш тартибидаги баъзи ўзгаришлар туфайли кейинроқ тайёр бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, баъзи штатларда — масалан, Мичиганда — овозларни ҳисоблаш, эҳтимол, бу йил тўрт йил олдингига қараганда тезроқ ўтади. Кутилганидек, бу йил масофавий овоз бериш (почта орқали) COVID-19 пандемияси даврида бўлиб ўтган президентлик сайловларига қараганда камроқ бўлади.

Бу шуни англатадики, воқеалар ривожланишининг бир нечта эҳтимолий вариантлари мавжуд: ғолиб овоз бериш кунидан кейин тунда ёки 6 ноябрь куни эрталаб ёки бир неча кун ёки ҳатто ҳафта ўтгач эълон қилинади.

Ғолиб номи одатда қачон маълум бўлади?

2020 йилги сайловлар 3 ноябрь куни бўлиб ўтган, бироқ ғолибнинг номини Америка телекомпаниялари 7 ноябрга келибгина эълон қилган.

Ўшанда кўпчилик штатлар сайлов участкалари ёпилгандан кейин 24 соат ичида овоз бериш натижалари ҳақида хабар берганди. Бироқ бир нечта асосий штатлар, жумладан, Пенсилвания ва Невада ўз натижаларини кейинроқ эълон қилган. Пенсилвания ўша сайловлар олдидан ўтказилган сўровларда демократларни қўллаб-қувватлаганди. Аммо 7 ноябрь куни эрталаб штатдаги навбатдаги овозларни санаб чиққач, Байден Пенсилванияда ғалаба қозонаётгани маълум бўлди.

Сайловнинг биринчи натижасини CNN телеканали эълон қилган, 15 дақиқадан сўнг ғолибнинг номи бошқа телеканалларда ҳам айтила бошлаган. Умуман олганда, сайловчилар кейинги президентнинг исмини овоз бериш куни кечаси ёки — энг камида — эртаси куни эрталаб билишга одатланган.

2016 йилда америкалик сайловчилар Шимолий Америка шарқий вақти билан соат учда (Нью Йорк) Дональд Трамп кейинги тўрт йилга президент этиб сайланганидан хабар топишди. Барак Обаманинг 2012 йилги сайловлардаги ғалабаси овоз бериш куни кечқурун маълум бўлди.

Бироқ 2000 йилда президентлик курсисида республикачи кичик Жорж Буш ва демократ Альберт Гор курашганида ғолибнинг номи (Жорж Буш) 12 декабрдагина, яъни овоз беришдан деярли бир ойу бир ҳафта ўтгач маълум бўлди.

Ўшанда номзодлар учун берилган овозлар сони ўртасидаги фарқ жуда кам эди. Ҳақиқатда сайлов тақдирини Флоридадаги овоз бериш натижалари ҳал қилди. Овозларни қайта санаш 12 декабрь куни АҚШ Олий суди овозларни қайта санашни тўхтатиш ва охирги ҳисобни узил-кесил деб топишга қарор қилгунга қадар давом этди.

Овозлар қандай ҳисобланади?

Биринчи сайлов участкалари сешанба куни Шимолий Америка шарқий вақти билан соат 18:00 да (Гринвич вақти билан соат 22:00 да), охиргиси эса чоршанба куни Нью Йорк вақти билан соат 01:00 да (Гринвич вақти билан соат 5:00 да) ёпилади.

Бироқ сайлов натижалари еттита «тебранаётган» штат — Аризона, Жоржия, Мичиган, Невада, Шимолий Каролина, Пенсилвания ва Висконсиндаги натижаларга боғлиқ бўлиши кутилмоқда.

Невада штатидаги сайлов участкалари Нью Йорк бўйича 22:00 да (Гринвич бўйича 2:00 да) охирги бўлиб (тебранаётган штатларда) ёпилади.

Дастлаб, қоида тариқасида, АҚШда сайлов участкаларидан овозларни санаб чиқиш амалга оширилади. Сўнгра турли сабабларга кўра муддатидан олдин овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг овозлари саналади. Шундан сўнг хориждаги сайлов участкаларидан ва АҚШ ҳарбий базаларидан келган бюллетенлар сканерланади.

Овозларни санаб чиқиш берилган бюллетенлар сонининг овоз берган сайловчилар сонига мувофиқлигини текширишни ўз ичига олади, шунингдек, бюллетенларнинг яроқлилиги текширилади. Қандайдир номувофиқликлар аниқланган ҳолларда текширув ўтказилади.

Овозларни ҳисоблаш қуйидагича амалга оширилади: бюллетенлар овозлар сонини ҳисоблайдиган махсус сканерлардан ўтказилади. Баъзи ҳолларда овозларни қўлда санаб чиқиш талаб қилиниши мумкин.

Ҳар бир штатнинг ўз қоидалари бор, улар овозларни санашда ким иштирок этиши мумкинлигини, шунингдек, овозларни санаш тартиби, қайси босқичларда ва бу жараённи сайловчилар, шу жумладан, кузатувчилар қандай кузатиб бориши мумкинлигини белгилайди.

Нима сайлов натижаларини узоқ кутишга олиб келиши мумкин?

Икки номзод натижалари ўртасидаги жуда кичик фарқ сайлов натижасини кутишнинг чўзилишига олиб келиши мумкин.

Пенсилванияда, масалан, агар икки номзоднинг натижалари ўртасидаги фарқ 0,5% ни ташкил этса, бутун штат бўйича овозларни қайта ҳисоблаш автоматик равишда бошланади. 2020 йилда бу штатда Трамп ва Байден натижалари ўртасидаги фарқ атиги 1,1% ни ташкил этган.

Сайлов участкаларининг иши билан боғлиқ ҳар қандай қоидабузарликлар, шунингдек, овозларни санаб чиқишда юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай тўсиқлар, шу жумладан, техник муаммолар узоқроқ кутишга олиб келиши мумкин. Масалан, Грузияда 2020 йилда сайлов участкаларидан бирида бюллетенлар жойлашган бинода водопровод трубаси ёрилган, бу штатда овозларни ҳисоблаш вақтининг бир неча соатга ошишига олиб келган.

Барча бюллетенлар санаб чиқилиб, овозларни қайта кўриб чиқиш якунлангач, сайлов натижалари аввал штатлар даражасида, кейин эса мамлакат даражасида тасдиқланади. Номзодлардан бири маълум бир штатда ғалаба қозонганида, штат маъмурлари бу номзод сайловчиларининг овозларини сертификатлайди ва Конгрессга юборади.

Умуммиллий овоз беришнинг 41-куни, 17 декабрь куни сайловчиларнинг овоз бериши бўлиб ўтади. Президент сайловида ғалаба қозониш учун ҳайъатнинг ярмини ва бир овозни, яъни 270 овозни тўплаш керак.

Бундай сайлов тизими айрим ҳолларда умуммиллий овоз беришда ютқазган номзод президент бўлишига сабаб бўлади. 6 январь куни АҚШ Конгрессининг янги таркиби амалдаги вице-президент раислигида сайловчиларнинг овозларини санаб чиқиш учун қўшма мажлисга йиғилган.

Айнан 2020 йилги сайловлардан кейин сайловчиларнинг овозларини ҳисоблаш кунида умуммиллий сайловларда мағлуб бўлган Дональд Трамп тарафдорлари Капитолийни эгаллашга уринди. Улар президентлик сайловлари натижасини бекор қилишни талаб этди. Дональд Трампнинг ўзи вице-президент Майк Пэнсни натижаларни тасдиқлашдан бош тортишга чақирди, аммо у бундай қилмади.

Бу сафар Трамп сайловда ютқазса, мағлубиятини тан оладими, деган саволга аниқ жавоб бермади. Янги президентнинг инаугурацияси 2025 йил 20 январда Капитолий ҳудудида бўлиб ўтади. 2024 йилги сайловда ғолиб чиққан номзод АҚШнинг 47-президенти бўлади.