Шавкат Мирзиёев 4 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда энергетика комплекси раҳбарлари билан соҳа корхоналарининг куз-қиш мавсумига тайёргарлигини муҳокама қилди. Бу ҳақда энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Маматкаримов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг айтишича, давлат раҳбари авария бригадаларини ташкил этиш, трансформатор ва подстанцияларни режали ва капитал таъмирлаш бўйича топшириқлар берган, шунингдек, газ ва электр энергияси таъминотида узилишларга йўл қўймаслик бўйича алоҳида кўрсатма берган.
Энерговазир биринчи ўринбосарининг сўзларига кўра, барча корхоналар мавсумга тайёргарлиги, ёқилғи-мойлаш материаллари, заҳиралар, махсус техника ва авария бригадалари мавжудлиги ҳақида хабар берган.
«Бу йилги куз-қиш мавсуми бўйича электр энергияси ва табиий газни етказиб беришни аввалги йилларга нисбатан яхшилаш бўйича топшириқ берилди. Куз-қиш мавсуми бўйича берилган топшириқларнинг ҳаммасининг ижроси таъминланади», — деди энергетика вазирининг биринчи ўринбосари.
«Миллий электр тармоқлари» бошқаруви раиси Дадажон Исоқуловнинг айтишича, тузилмадаги 12,5 минг километр магистрал электр тармоқлари ва 90 та юқори вольтли подстанциялар куз-қиш мавсумига тайёр.
Унга кўра, давлат раҳбари тизимдаги операцион харажатлар ва йўқотишларни камайтириш бўйича топшириқ берган.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов аввалроқ қиш мавсуми учун Ўзбекистоннинг ерости газни сақлаш омборларига 5,1 млрд куб метрдан ортиқ газ захираси жамланганини айтганди. Бу ўтган йилга нисбатан 1,1 млрд куб метрга кўп. Қайта тикланадиган манбалардан электр энергияси ишлаб чиқариш ҳам ортган.
Энергетика вазирлиги раҳбарининг айтишича, куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида базавий ва пессимистик сценарийлар ишлаб чиқилган. Фавқулодда вазиятларда -20 даражадан паст ҳарорат бўлганда йирик истеъмолчилар ва ёқилғи қуйиш шохобчаларига газ етказиб бериш чекланади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон газ экспортини кўпайтирмоқда, импорт ҳам ўсиб, қазиб олиш камаймоқда. Тўққиз ойда газ импорти 1,28 млрд долларга етди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,6 баробар кўп. «Кўк ёқилғи» экспорти 479,5 млн долларгача (+16,5 фоиз), сентябрь учун эса 2,2 баробар (бир йил аввалгидан) ошди. Январь-сентябрь ойларида газ қазиб олиш ҳажми 33,5 млрд куб метрни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,8 фоизга ёки 1,68 млрд куб метрга кам.