Наманган шаҳрида мактаб ўқувчиси ижарага машина олиб миниб йўл-транспорт ҳодисаси содир этди, дея хабар бермоқда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати.
Қайд этилишича, ҳодиса 2 ноябрь куни соат 10:00 атрофида шаҳарнинг Амир Темур кўчасида содир бўлган. Давлатобод туманидаги хусусий мактаблардан бирининг 9-синф ўқувчиси синфдоши билан Gentra машинасини ижарага олиб катта тезликда бошқарган.
Бироқ бола машина бошқарувини йўқотиши оқибатида, Gentra айланиб кетган ва йўл четига ўрнатилган йўл белгисига бориб урилган. Ўқувчи аввалига машина акасига тегишли эканини айтган.
«Эрталаб соат 09:00 атрофида 150 минг сўм эвазига 2 соатга машина ижараг олдик. Жуда қаттиқ қўрқиб кетдим, ўлиб қолишимни, ногирон бўлиб қолишимни ўйладим — ҳамма нарса мияга келди. Қайтиб рулга ўтирмаймиз», — деди у.
Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳатланмаган. Ҳолат юзасидан ўқувчининг отаси билан профилактик суҳбат ўтказилиб, боласининг ҳаракатларидан доимий хабардор бўлиб бориши кераклини тушунтирилган.
«Билмабман, бошқа қайтарилмайди. Узр, ёшлик қилиб қўйибман. Ҳолатдан афсусдаман», — деди машина ижарага берган компания ходими.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ойи бошида ҳам Наманган шаҳрида Gentra автомашинасини 200 минг сўмга ижарага олган 5 нафар ўқувчи катта тезликда йўлнинг қарама-қарши қисмига чиқиб кетиб, юк машинаси билан тўқнашганди. Оқибатда улардан 3 нафари вафот этган. Бу йил бошидан буён шаҳарда машина ижарага олган ўқувчилар иштирокида содир бўлган тўртинчи ЙТҲ бўлган.