Ўзбекистонда маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ва маҳсулот ишлаб чиқарадиган 8 та завод қурилади. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда Хитой, БАА ва Жанубий Кореянинг жами 6 та йирик компанияси ўртасида қўшма ривожлантириш шартномалари имзоланди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетига ташрифи давомида маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, улардан электр энергияси ва маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳалари тақдимоти билан танишганди. Президент бу лойиҳаларни намунавий қилиб, ҳудудларда кўпайтириш муҳимлигини таъкидлаганди.

Унга кўра, Ўзбекистоннинг 11 та ҳудудида ХХРнинг «China CAMC Engineering», «Shanghai SUS Environment», «China Everbright Group», «Chengdu Environmental Group» ва БААнинг «Tadweer Group» ҳамда Жанубий Корея Республикасининг «Sejin» компаниялари иштирокида умумий қиймати 1,28 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган лойиҳалар асосида қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган заводлар қурилади.

Натижада йилига 4,7 миллион тоннадан ортиқ чиқиндини ёқиш орқали 2,1 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, полигонлар сони беш баробарга қисқаради. 97 млн АҚШ доллари қийматидаги электр энергияси сотилади. Шунингдек, булар орқали 152 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилинади ҳамда 2,4 миллион тонна иссиқхона газлари камаяди. 1 200 та янги иш ўрни яратилади.

Лойиҳалар 2025−2027 йилларда Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида амалга оширилиши мақсад қилинган. Қурилиш жараёнлари 2025 йил январдан бошланиб, заводлар 2026 йил декабрда ишга туширилиши режалаштирилган.

Бу каби етакчи хорижий компаниялар билан ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилиши мамлакатимизда чиқиндиларни бошқариш соҳасида циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш ҳисобига экологик вазиятни барқарорлаштириш, санитар ҳолатни яхшилаш, аҳолига хавфли касалликлар юқишини камайтиришга ҳисса қўшади, дейилади хабарда.