5 ноябрь куни Telegram`даги «Ко дну» каналида Тошкентдаги 34-автобус салони ойнасига «аёллар — олдинда, эркаклар — орқада» дея ёзилган постер жойлангани ҳақида хабар эълон қилди. «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ матбуот хизмати ҳолатга муносабат сифатида постерни ҳайдовчи эмас, 2 нафар йўловчилардан бири ёпиштириб кетгани акс этган видеони тармоққа жойлади.

Ташкилот автобус салонида жойлаштирилган кузатув камерасидаги тасвирлар текшириб чиқди. Унда икки нафар номаълум фуқаро автобусга чиқиб, салоннинг ички қисмида аёллар ва эркаклар жойи ажратилганлигини тарғиб қилувчи постерни ёпиштиргани, уни шахсий мобил телефонига суратга олганлиги ва автобусдан тушиб кетгани кўринади.

Видеодан кўриш мумкинки, ўша одамнинг қўлида яна бир неча қоғозлар мавжуд. Ташкилотнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, бошқа автобусларда ёпиштирилган шу каби постер топилмаган.

«Болаларнинг қўлида яна қоғоз бор, кўрсангиз. Бошқа автобусларга ҳам ёпиштирилган ёки йўқлигини билиш учун кечқурун ҳамма автобус саройларига кирувчи автобусларни биттама-битта текшириб чиқдик. Йўқ, аниқланмади ёки ёпиштиришган бўлса ҳам йўналиш пайтида олиб ташлашгандир», — дея жавоб берди ташкилот матбуот хизмати.

«Тошшаҳартрансхизмат» постерни ёпиштирган икки фуқаронинг шахсига аниқлик киритиш ва қилган хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда уларга қонуний жазо чораларини қўллаш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат йўллади.

Ташкилот юқоридаги каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида, барча автобус ҳайдовчилари ва чиптачилари ўртасида навбатдан ташқари йўриқномалар ўтказиш, шунингдек, автобус салонида турли хилдаги ахборот материаллари тарқатилишининг олдини олиш, жамоат транспортида эълон қилиниши белгиланмаган махсус постерлардан фойдаланмасликни сўради.

Аввалроқ Самарқандда автобусга шундай постер осиб қўйган автобус ҳайдовчиси интизомий жазога тортилганди.