Исроил мудофаа вазири Йоав Галант ишдан бўшатилди. Шундан сўнг бунга қарши норозилик билдириш учун Тель-Авив ва Қуддусда юзлаб одамлар йиғила бошлади, деб хабар бермоқда Times of Israel.

Маҳаллий телеканалларга кўра, полиция Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳунинг Қуддусдаги қароргоҳи ва Тель-Авивдаги ЦАХАЛ штаб-квартираси яқинида тўсиқлар ўрнатган. Тель-Авивда намойишчилар Аялон шоссесига чиқиб, ҳаракатни тўсиб қўйди.

Тель-Авивда «минглаб», Ҳайфада «юзлаб» намойишчилар йиғилган. Нашр маълумотларига кўра, Нетаньяҳу қароргоҳи олдида мингга яқин одам тўпланган.

Қуддусдаги намойишчилар Нетаньяҳуни истеъфога чиқишга чақирмоқда, шунингдек, ҲАМАС томонидан ушлаб турилган исроилликлар озод қилинишини сўрамоқда. Полиция бош вазир қароргоҳига водометлар ўрнатди, лекин ҳозирча уларни қўлламади.

Нетаньяҳу 5 ноябрь куни кечқурун Галантнинг истеъфосини эълон қилди. Бош вазирнинг таъкидлашича, уруш даврида «бош вазир ва мудофаа вазири ўртасида тўлиқ ишонч бўлиши керак», аммо у ва Галант ўртасида бундай ишонч йўқ.

«Исроил бош вазири сифатида менинг олий вазифам — мамлакат хавфсизлигини таъминлаш ва бизни ҳал қилувчи ғалабага олиб келиш. Уруш даврида бош вазир ва мудофаа вазири ўртасида тўлиқ ишонч ҳар қачонгидан ҳам зарур. Кампаниянинг дастлабки ойларида бизда шундай ишонч бор эди ва биз кўп нарсага эришдик, афсуски, сўнгги ойларда мен ва мудофаа вазири ўртасидаги бу ишончга путур етди», — дейилади Нетаньяҳу баёнотида.

Ташқи ишлар вазири Исроил Кац янги мудофаа вазири этиб тайинланди. Гидеон Саар эса янги ташқи ишлар вазири бўлди.