2024 йил ўзбекистонлик теннисчилар учун омадли йил бўлди, дейиш мумкин. Нуфузли мусобақаларда қўлга киритилган муваффақиятлар ва эришилган ғалабалар шулар жумласидандир. Бинобарин, спорт дунё ҳамжамиятида Ўзбекистон обрўсининг янада юксакка кўтарилиши кафолати демак.
Ўзбекистон теннис федерацияси ва «Ўзмиллийбанк» АЖ кўмагида Ўзбекистоннинг истиқболли ёш теннисчилари учун Сербияда ўқув-машғулотлари ташкил этилди. Эътиборли жиҳати, мазкур машғулотлар Elite халқаро теннис академиясида ўтказилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, теннисчиларнинг тажрибали мутахассислар раҳнамолигида кўникма ҳамда маҳоратларини оширишга самарали хизмат қилади.
Elite халқаро теннис академиясида амалиёт ўташ Ўзбекистон терма жамоасининг бўлажак аъзолари — ёш авлод теннисчиларининг кейинги Осиё ва Олимпия ўйинлари ҳамда бошқа нуфузли халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этиш учун ўйин маҳорати даражасини оширишга ёрдам беради.
ЎТФ ҳузуридаги Теннис кенгаши томонидан ўтказилган саралаш натижаларига кўра, айни пайтда федерация бош котиби Ирода Тўлаганова бошчилигидаги 6 нафар ўғил ва 4 нафар қиз боладан иборат жамоа Сербияга жўнаб кетди.
Elite теннис академиясида ўқув-машқ жараёни икки босқичда ўтказилиши режалаштирилган:
- 2024 йил ноябрь-декабрь ойларида;
- 2025 йил январь-февраль ойларида.
«Ўзмиллийбанк» АЖ ушбу муҳим лойиҳани қўллаб-қувватлайди ҳамда теннисчиларга ишонч билдиради. Академиядаги ўқув машғулотларидан олинган тажриба спортчиларни ривожлантиришда муҳим қадам бўлади ва юқори натижаларни қўлга киритишнинг кафолатига айланади.
Реклама ҳуқуқлари асосида.