«Док-1 Макс» ишида айбдор деб топилган собиқ амалдор Сардор Кариевнинг оиласи яшаб турган уй ҳам МИБ томонидан хатланганди. Кариевнинг хотини ҳолат юзасидан судга ариза киритган.
«Daryo.uz»нинг ёзишича, мазкур иш бўйича навбатдаги суд мажлиси 5 ноябрь куни Тошкент туманлараро маъмурий судида кўриб чиқилди. Суд Сардор Кариевнинг аёли ёзган шикоятни рад этиб, собиқ амалдорнинг оиласи яшаётган уйни ҳам хатлашни қўллаб-қувватлади.
Мажбурий ижро бюроси ходимининг судда маълум қилишича, бюро «Док-1 Макс»дан жабрланганларга суд томонидан белгиланган салкам 76 миллиард сўмлик товон пулларини ундириш ҳаракатини давом эттирмоқда.
Жорий йилнинг 26 февраль куни суд Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг судланган собиқ директори Сардор Кариевни 18 йилга, унинг ўринбосарларини 16 йилга, Ҳиндистон фуқароси бўлган Quramax дори-дармон импорт компаниясининг собиқ директорини 20 йилга озодликдан маҳрум қилганди.
Суд судланувчилардан «Док-1 Макс» ва «Амбронол» препаратларидан заҳарланиб, ҳалок бўлган 68 нафар ва жабрланган 16 нафар боланинг оилаларига 75,6 миллиард сўм маънавий зарар ундиришни белгилаганди. Бундан ташқари, суд Quramax томонидан мансабдор шахсларга берилган пора миқдорини давлат фойдасига ундиришга қарор қилган.
Тошкентда ўтган «Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги» доирасида 21 октябрдаги тадбирда соғлиқни сақлаш вазири в.б. Асилбек Худаяров «Док-1 Макс» иши сабаб ногирон бўлиб қолган болаларга «кафолатланган тиббий ёрдам» кўрсатилаётганини айтган. У журналистларда боласини даволашда ёрдам ололмаётган ота-оналарнинг эътирозларига доир маълумотларни шахсан тақдим этишни сўраган.
Кейинроқ «Док-1 Макс» сабаб ногирон бўлган боланинг отаси ССВ раҳбари жамоатчиликка ёлғон маълумот берганини айтди. Фарзанди 2022 йил декабрь ойида «Док-1 Макс»дан заҳарланган ва 65 кун комада ётган 5 ёшли Алибек Ўктамовнинг отаси Феруз Нуритдиновнинг айтишича, вазир жамоатчиликка ёлғон маълумот берган.
Унинг таъкидлашича, вазирнинг бу гапидан сўнг кўпчилик ота-оналар вазир билан кўришиш ниятида юрибди. Жабрланувчининг қўшимча қилишича, у фарзандини даволатиш учун айни кунга қадар сотилган уйи ва яқинларидан олинган қарзлари эвазига тўпланган катта миқдордаги маблағини сарфлаб бўлган.