Австралия 16 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқларга киришини бутунлай тақиқлашни таклиф қилиб, буни тартибга солиш соҳасида жаҳон стандартини ўрнатмоқчи, деб хабар бермоқда Reuters. Бош вазир Энтони Альбанезе қонун лойиҳаси келгуси йилдан қабул қилиниши мумкинлигини билдирди.

Австралия ҳукумати болаларнинг Instagram, TikTok, Facebook ва X каби тармоқларга киришини блоклаш учун ёшни текшириш бўйича тажриба лойиҳасини ишга туширди. Сентябрда тармоқларга киришини тақиқловчи қонун тайёрлаётганини маълум қилинганди.

Бу ижтимоий тармоқларнинг ўсмирлар, хусусан, ташқи қиёфа масаласида босимга учрайдиган қизлар ва мизогинистик контентга дуч келадиган ўғил болаларнинг руҳий ва жисмоний саломатлигига салбий таъсирига қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар мажмуининг бир қисмидир.

«Ижтимоий тармоқлар болаларимизга зарар етказмоқда ва мен бунга чек қўйишни эълон қиламан», — деди Альбанезе. Қонун лойиҳаси ота-оналар розилиги билан ёки аллақачон рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар учун ҳам истисноларни ифода этмайди.

Ҳужжат лойиҳасини жорий йилда парламент муҳокамасига киритиш режалаштирилган. Агар у қабул қилинса, чекловлар лойиҳа тасдиқлангандан кейин бир йил ўтгач кучга киради. Австралия дунёда биринчи бўлиб ёш чегарасига самарали риоя қилиш учун биометрик ёки давлат ҳужжатларидан фойдаланган ҳолда ёш текширувини жорий этишни режалаштирмоқда.

Алоқа вазири Мишель Роуленднинг таъкидлашича, «болаларни ҳимоя қилиш масъулияти ота-оналар ёки ўсмирларнинг ўзига эмас, балки платформаларга тушади».

Google, Meta, TikTok ва X манфаатларини ифодаловчи Австралия рақамли саноат ассоциацияси (DIGI) болаларни ижтимоий тармоқлардан изоляция қилиш уларни хавфсиз бўлмаган ва тартибга солинмаган платформаларга олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

«Биз ёшларнинг интернетдаги хавфсизлиги муҳимлигини тушунамиз, аммо ўсмирлар учун тақиқ — замонавий муаммолар учун ўтган асрдаги ечим», — деди DIGI раҳбари Сунита Босе. Унинг қўшимча қилишича, хавфсиз маконларни яратиш ва рақамли саводхонликни ривожлантириш билан янада мувозанатли ёндашув самаралироқ бўларди.

Ўтган ойда Норвегияда 15 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши тақиқланаётгани ҳақида ёзгандик. Ҳозирда мамлакатда бундай чеклов 13 ёшгача бўлган болалар учун амал қилади.

Францияда бўлса 15 ёшгача бўлган ўқувчилар учун мактабда мобил телефонларни тақиқлаш синовдан ўтказилмоқда. Муваффақиятли бўлса, у январь ойидан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб жорий этилиши мумкин.

2015 йил охирида Европа Иттифоқи мамлакатларида шунга ўхшаш тақиқни жорий этишга ҳаракат қилишган, бироқ интернетда вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари чеклангани ҳақидаги шикоятлар туфайли лойиҳа қабул қилинмай қолганди.