Шавкат Мирзиёев томонидан 5 ноябрда имзоланган қонун билан айрим қонун ҳужжатларига маърифий фаолиятни амалга ошириш тартибини белгилашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Аҳолининг маърифатга бўлган қизиқиши ортиб бораётганлиги уни ҳуқуқий тартибга солиш зарурлигини келтириб чиқараётгани таъкидланди.

Шу муносабат билан «Таълим тўғрисида»ги қонунга маърифий фаолиятни амалга ошириш тартибини белгилашга қаратилган қўшимча (14-модда) киритилмоқда. Унга кўра, қуйидаги шахслар маърифий фаолиятни амалга ошира олмайди:

  • жиноят иши бўйича айбланувчи тариқасида жалб қилинган шахслар (суд ҳукми қонуний кучга киргунига ёки реабилитация қилувчи асослар бўйича жиноий жавобгарликдан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар);
  • қуйидаги жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати олиб ташланмаган ёки тугалланмаган шахслар:
  • жинсий эркинлик, оила, ёшлар ва ахлоққа қарши, тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши, Ўзбекистон Республикасига қарши;
  • бошқарув тартибига қарши;
  • гиёҳванд воситалар, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи билан боғлиқ;
  • суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;
  • руҳий ёки наркологик муассасаларда ҳисобда турган шахслар.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда маърифатчиликни кўрсатиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Хусусан, бундай фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан маърифий фаолиятни амалга ошириш ёхуд жиноят аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда маърифий фаолиятни амалга оширишга доир қонун ҳужжатларида белгиланган чекловларга риоя этмаслик фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида худди шундай ҳуқуқбузарлик содир этилса, фуқароларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3,4 миллион сўмдан 5,1 миллион сўмгача), мансабдор шахслар эса БҲМнинг 15 бараваридан 20 бараваргача (5,1 млн сўмдан 6,8 млн сўмгача) жаримага тортилади. Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2025 йил 6 февралдан кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 23 июль куни бўлиб ўтган мажлисида «Таълим фаолиятини тартибга солиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинганди. «Миллий тикланиш» партияси томонидан ишлаб чиқилган ташаббус маъруза ўқиб, осон пул топиш йўлларини ўргатишга ваъда берган шахсларга қарши курашишга қаратилган.

ЎзЛиДеП депутати Шаҳноза Холмаҳаматова сўнгги йилларда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида «носоғлом маърифий ишлар» кўпайганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, бундай тадбирларда кўпхотинлилик, жинсий камситиш, феминизм, ахлоқий бузуқлик, ҳуқуқбузарликлар тарғиб қилиниб, тингловчилар онгини манипуляция қилиш ҳолатлари кўпаймоқда.

Олий Мажлис Сенати 20 сентябрдаги йиғилишида маърифий фаолиятни тартибга солиш тўғрисидаги қонунни маъқуллаган. Маърифий фаолиятнинг республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жисмоний ва юридик шахслар томонидан қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган талабларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.