Европа Иттифоқи Ўзбекистонни барча мавжуд воситалар орқали қўллаб-қувватлашда давом этади. GSP+ савдо имтиёзлари дастури доирасидаги ёрдам, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ёки имзоланиши икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очадиган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида ишлаш шулар жумласидан. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар маълум қилди.
«Шериклигимиз йўли аниқ. Биз Ўзбекистон босиб ўтаётган ислоҳотларнинг кундалик йўлини қўллаб-қувватлаймиз», — деди у 6 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Европа иқтисодиёти кунлари доирасидаги нутқида.
Миссия раҳбари 2023 йилда Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга экспорти 4,35 миллиард еврога етганини, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондан импорти эса 780 миллион еврони ташкил этганини эслатди. Умумий товар айланмаси 2022 йилга нисбатан 11 фоизга ўсди.
«Бу рақамлар ортида ҳали очилмаган катта салоҳият яширинган. Шунга қарамай, бу маълумотлар Ўзбекистонга сармоя киритиш бўйича дадил қарорлар қабул қилган Европа компанияларининг мисоллари ва тарихини кўрсатади. Ислоҳотлар йўлининг давом эттирилиши тенг шароитлар яратиб, тобора кўпроқ Европа компанияларининг эътиборини Ўзбекистонга жалб қилади, деб ўйлаймиз», — деди Тойво Клаар.
«Жорий йилнинг январь ойида биз Брюсселда сармоядорлар учун Транскаспий транспорт йўлагини замонавий, кўп тармоқли ва самарали маршрутга айлантириш учун зарур инвестицияларни муҳокама қилиш мақсадида Европа ва Марказий Осиёдан ҳукуматлар, молия институтлари, бизнес ва фуқаролик жамиятини бирлаштирган анжуман ўтказдик», — деб эслатди элчи.
Унинг қўшимча қилишича, Транскаспий йўлаги Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги савдони мустаҳкамлаб, Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқаларни кенгайтиради.
«Газета.uz» мухбири кейинроқ элчи билан суҳбатда президент Шавкат Мирзиёев аввалроқ Транскаспий йўлагини ривожлантиришда бизнес учун қулайроқ тарифлар кераклигини таъкидлаганини эслатди.
«Албатта, бу биз ишлашда давом этаётган масаладир. Яқинда Ашхободда вазирлар йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон транспорт вазири ҳам иштирок этиб, транзитни иложи борича енгиллаштириш ва маршрутни Марказий Осиёдан Европага товарларни етказиб бериш учун жозибадор йўлга айлантириш масалалари муҳокама қилинди. Бу тарифлар, божхона тартиб-қоидалари ёки транспорт чекловларидан қатъи назар, «тор йўлаклар»ни бартараф этишни англатади. Европа Иттифоқи, шубҳасиз, ҳамкорлар билан, айниқса, ушбу ҳолатда Ўзбекистон билан жараённи иложи борича содда ва қулай қилиш учун ишламоқда», — деди Европа Иттифоқи элчиси.
Транскаспий йўлагини ривожлантириш чора-тадбирлари келгуси йилда Самарқандда бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи-Марказий Осиё биринчи саммитида белгилаб олиниши режалаштирилган.
«Брюсселдаги масъул шахслар билан суҳбатлардан билишимча, [саммитни ўтказиш] санасини йилнинг биринчи ярмида белгилаш бўйича ишлар давом этмоқда», — деди Европа Иттифоқи миссияси раҳбари «Газета.uz» мухбирига.
Бундан ташқари, Тойво Клаар Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолашнинг эҳтимолий муддатларига изоҳ берди.
«Биз ҳужжатнинг имзоланиши яқин келажакда бўлиб ўтишига умид қиламиз. Ҳужжатнинг тўлиқ тугалланиши ва уни имзолашга тайёргарлик кўриш нуқтайи назаридан қайта ишланиши керак бўлган баъзи тафсилотлар ҳам бор. Аммо ишлар давом этмоқда ва у якунлангач, президент Шавкат Мирзиёев уни имзолаш учун Брюсселга ташриф буюришига умид қиламиз», — деди Европа Иттифоқи элчиси.
«Биз жуда ноаниқ дунёда, халқаро меъёрлар бузилаётган, суверенитет шубҳа остига олинаётган дунёда яшаяпмиз. Бундай шароитда Марказий Осиё каби минтақалар ва Ўзбекистон каби кучли давлатларнинг биз билан, Европа Иттифоқи билан халқаро тартибни мустаҳкамлашда, мамлакатларнинг суверенитети ва мустақиллигини ҳурмат қилишда яқиндан ҳамкорлик қилиши янада аҳамиятлидир. Биз Марказий Осиёдан Европа Иттифоқининг ғарбий қирғоқларигача бўлган, барчамиз учун умумий ҳудуд ҳисобланган ушбу минтақада барқарорлик учун муҳим ҳамкорликни давом эттиришимиз керак», — деди ЕИ элчиси тадбирда сўзлаган нутқи якунида.