Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террористик ташкилоти тарафдорлари жамоаси фош этилди. Давлат хавфсизлик хизмати тезкор-қидирув тадбирлари давомида уларни қўлга олганини маълум қилди.
Жамоатнинг 11 нафар аъзоси Қўқон шаҳри ҳамда Ўзбекистон туманида яшовчи, 1980−2000 йиллар оралиғида туғилган фуқаролар бўлиб, улар орасида фармацевтика соҳасида фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамиятда менеджер, газ қуйиш шохобчасида бош механик бўлиб ишлаган, шунингдек, хусусий тадбиркорлик, ошпазлик, устачилик, киракашлик билан шуғулланган шахслар бор.
Келтирилишича, улар 2021−2023 йиллар давомида Қўқон шаҳрида жойлашган чойхоналарда «шанбалик ошлар» ниқоби остида йиғинлар ташкил этиб, унда Абдуллоҳ Зуфар, Содиқ Самарқандий, Яхё Туркистоний ва бошқаларнинг жиҳод ҳамда шаҳидликка, ислом давлати қуришга чорловчи, диний экстремизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маърузаларини эшитишлари натижасида динга мутаассибларча берилиб, экстремистик ғояларни қўллаб-қувватлаб келган.
Шунингдек, Ўзбекистонда амалда бўлган давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга ва «Ҳалифалик» давлати қуришга қаратилган ғояларни ўзаро муҳокама қилишган, дейилади хабарда. Жамоат аъзоларининг айримлари Сурияга ҳижрат қилиш масаласини ҳам муҳокама қилган.
Бундан ташқари, улардан 2 нафари ўзаро тил бириктириб, ҳозирда Суриядаги «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террористик ташкилоти фаолиятида иштирок этиб келаётган қўқонлик Жасур исмли шахсга моддий ёрдам бериш мақсадида 2023 йилнинг июль ва август ойларида жами 3000 доллар пул юборган.
Улар ўз сафларини кенгайтириш учун йиғинларга бошқа фуқароларни ҳам жалб қилиб, уларнинг онгига экстремистик ғояларни сингдирганликда айбланмоқда.
Жамоа аъзолари Telegram`да гуруҳ очиб, ўзаро маълумотлар алмашган ва навбатдаги йиғин вақти ва жойи эълон қилиб борилган. Шунингдек, ҳар 15 кун, 1 ой ичида нима ишларни амалга оширганликлари бўйича гуруҳ етакчисига ҳисобот беришган.
Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг ҳукмига кўра, уларга нисбатан 6 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Жамоа аъзоларига Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича айбловлар қўйилган:
- 155−3-модда (терроризмни молиялаштириш),
- 159-модда (конституциявий тузумга тажовуз қилиш),
- 244−1-модда (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш),
- 244−2-модда (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш).