Шавкат Мирзиёев 7 ноябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида кластер ва фермерларга етказиб берилаётган ҳар бир куб метр сувга республика бўйича ўртача 212 сўм харажат қилинаётганини таъкидлади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда 2024 йилда мамлакатдаги сув омборларида 2023 йилга нисбатан кўп сув йиғилгани таъкидланди. Президент бу ҳолатда хотиржамликка берилмаслик лозимлигини қайд этди.
Қайд этилишича, мамлакатда 550 километр канал ва ариқлар бетонлангани ҳисобига 200 минг гектарда ҳудудда сув таъминоти яхшиланган ва йилига 450 млн куб метр сув иқтисод бўлмоқда. Сув бошқаруви ислоҳ қилиниб, туман даражасида сувни ҳисобга олиш тизими шаклланган ва бу шаффоф тизим туфайли 2024 йилда ерга 2 карра кўп сув борган, яна 6 млрд куб метр сувнинг ҳисоб-китоблари ишлаб чиқилган.
Президент кластер ва фермерларга етказиб берилаётган ҳар бир куб метр сувга республика бўйича ўртача 212 сўм харажат қилинаётганини, лекин Бухоро, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида бу кўрсаткич 2−3 баробар юқори эканини таъкидлади.
Охирги йилларда мамлакатда 1 млрд доллар ҳисобига Қарши, Аму-Бухоро, Аму-Занг каби йирик насос станциялар модернизация қилинган. Лекин, Бухоро, Қашқадарё, Наманган ва Сурхондарёда ўрта ва майда эскирган насослар янгиланмагани учун сув таннархи ошиб кетаётгани таъкидланди. Бетонлаш ҳисобига йўқотиш 10−15 фоизга камайган бўлса-да, 20 та туманда йўқотишлар республикада энг юқори бўлиб турибди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил ноябрида бўлиб ўтган йиғилишда президент бир йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилишини таъкидлаганди. Ўшанда сув йўқотишлари оқибатида иқтисодиёт йилига 5 млрд доллар даромадни бой бераётгани сабаб сув хўжалигида «каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил» эълон қилинганди.
2023 йилги йиғилишда, шунингдек, 2024 йилда 1 минг 500 километр, яъни 2023 йилгига нисбатан 4 баробар кўп йирик каналларни бетонлаш вазифаси белгиланганди. 2025 йилдан бошлаб эса камида 2 минг километрдан каналларни бетонлашга ўтилиши айтилган.