Президентнинг ЖСТ бўйича махсус вакили Азизбек Урунов 6 ноябрь куни Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши жараёнидаги қийинчиликлар ҳақида гапирди. У бу ҳақда Европа иқтисодиёти кунлари доирасида ўз фикрларини билдирди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Ушбу халқаро майдонга қўшилиш жараёни «ўз-ўзидан катта чақириқ ҳисобланади, чунки баъзида ЖСТнинг эски аъзолари бу жараён қанчалик мураккаб эканини ёддан чиқариб қўйишади», — деди у.

«Шунинг учун, ростини айтганда, музокаралар нуқтаи назаридан, ташкилотга яқинда қўшилган давлатлар билан музокаралар олиб бориш бироз осонроқ, чунки улар бу жараён қанчалик оғир эканини ҳали унутишмаган. Баъзан бизда шундай туйғу пайдо бўладики, ҳаттоки икки томонлама музокараларимизда ҳам баъзи ривожланган давлатлар ривожланаётган ёки нисбатан кам ривожланган давлатларга ҳам бир хил талаб қўяётгандек туюлади. Жаҳон савдо ташкилоти келишувлари бандлари нуқтаи назаридан ривожланган давлатлар ривожланаётган ва кам ривожланган мамлакатларга уларнинг иқтисодий ўсишини қўллаб-қувватлашда ёрдам бериши керак», — деди Азизбек Ўрунов.

Президентнинг махсус вакили бу ҳолатни «бир оз адолатсиз» деб ҳисоблайди, «чунки ривожланаётган мамлакатларга ривожланган давлатлар каби муносабатда бўлиш керак эмас».

«Баъзан икки томонлама музокаралар жуда қийин бўлади, чунки ЖСТ келишувларида GATT`нинг (Тарифлар ва савдо бўйича Бош келишув) 18-моддаси каби бандлар бор. Унда ривожланаётган мамлакатлар ўз иқтисодий ривожланишини, саноат ривожланишини қўллаб-қувватлаш имкониятига эга бўлиши кераклиги қайд этилган. Аммо баъзи давлатлар номзод мамлакатлардан бозорга кириш ва эркинлаштириш масалаларида гўё бу ривожланаётган мамлакатлар ривожланган давлатлар билан бир хил даражададек талаб қўйишда давом этмоқда», — деди у.

Азизбек Урунов бугунги кунда ЖСТдаги асосий муаммолардан бири нотариф чоралар ҳисобланишини қўшимча қилди.

«ЖСТ ташкил этилганда, унинг аъзолари томонидан ўрнатилган асосий тамойиллардан бири савдони нотариф чоралар эмас, балки тариф чоралари орқали тартибга солиш эди. Аммо сўнгги 30 йилдаги вазиятнинг ривожланишига назар ташласангиз, аксарият давлатлар ҳақиқатан ҳам тариф чораларини либераллаштирганини, аммо ҳозир нотариф чоралар мамлакатлар ўртасидаги савдони қийинлаштираётганини кўриш мумкин. Бу ЖСТ тўқнаш келаётган асосий чақириқлардан биридир. Баъзи давлатлар тариф чоралари доирасида уларда эркин савдо ёки бозорга кириш имконияти мавжудлигини даъво қилмоқда, аммо нотариф чораларни кўриб чиқсангиз, уларнинг аксарияти мамлакатлар савдосини кенгайтиришга тўсқинлик қилувчи чекловчи чоралар ҳисобланади», — деди президентнинг махсус вакили.

Унинг сўзларига кўра, нотариф чоралар мамлакатлар учун энг катта муаммолардан бирига айланиб бормоқда.

«Баъзида кўплаб хорижликлар Ўзбекистонга келиб, мева-сабзавотларимиздан баҳраманд бўлаётганига гувоҳ бўламиз, лекин бу маҳсулотларни экспорт қилиш ҳақида гап кетиши билан дарров нотариф тўсиқлар пайдо бўлади ва бизга у ёки бу талабни бажаришимиз кераклигини айтишади. Бу аввалгидек мамлакатлар ўртасидаги савдо алоқаларини яхшилашга тўсқинлик қилмоқда. Шунинг учун ЖСТ доирасида бундай вазиятларни таҳлил қилаётганда биз 1995 йилда — ЖСТ ташкил этилганда белгиланган асосий тамойилларга амал қилиш учун позицияларни қандай тенглаштириш мумкинлиги ҳақида ўйлашимиз керак», — деди у.

Панел сессиядан сўнг Азизбек Урунов журналистларнинг нотариф чекловларга оид саволларига жавоб берди.

«Биз ЖСТга аъзо эмасмиз. Бу менинг сўзларим эмас, бу ерда гап ЖСТнинг 30 йиллик тарихидаги ўзгаришлар ҳақида кетди. Ташкилот ташкил этилганда асосий тамойиллардан бири савдони тариф чоралари билан тартибга солиш эди. Дарҳақиқат, тариф чоралари анча эркинлаштирилди. Шу билан бирга, кўпгина мамлакатлар нотариф чоралар бўйича ўз талабларини жорий қила бошлаганлиги сабабли бу кўп ҳолларда эркин савдо тамойилига тўсқинлик қилади. Мен шу ҳақда гапирдим. Ўзбекистон ҳам ўзининг нотариф чоралари бўйича фаол ислоҳотлар ўтказмоқда», — дея аниқлик киритди у.

Унинг фикрича, Жаҳон савдо ташкилотини ислоҳ қилишга талаб бор. «Бутун дунёда тенденциялар ўзгармоқда. Бутун дунёда электрон тижорат фаол ривожланмоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, давр ўзгарган сари жаҳон савдо тизимида ҳам шунга мос ислоҳотлар бўлиши керак», — деди у.

Азизбек Ўрунов ЖСТга киришда ҳар бир давлат ўз иқтисодий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда корхоналарини ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлишини, аммо бу вақтинчалик бўлишини қўшимча қилди.

«Қоида тариқасида, бу имконият вақтинчалик бўлади — 1, 2, 3, 4 йил. Шу нуқтаи назардан, биз савдо чоралари тўғрисида учта қонун лойиҳасини ишлаб чиқдик, уларни ҳукуматга киритиш босқичидамиз. Булар демпингга қарши чоралар, ҳимоя чоралари ва компенсация чоралари тўғрисидаги қонун лойиҳалари. Ўзбекистонга маҳсулот экспорт қилишда субсидиялар қўлланилса, биз субсидияларга қарши савдо чораларини кўришимиз мумкин», — деди у.

Азизбек Урунов Ўзбекистон яқинда АҚШ билан икки томонлама музокараларни муваффақиятли якунлаганини эслатиб ўтди.

«Умид қиламанки, бу қолган давлатлар билан икки томонлама музокараларни тезлаштиришга туртки беради. Бизда кам сонли давлатлар қолди. Музокаралар олиб боришимиз керак бўлган аксарият давлатлар билан жараённи аллақачон якунладик. 21 мамлакат билан музокаралар аллақачон тугаган. Яна бир неча давлатлар билан музокараларни якунлашимиз керак ва 2026 йилда ЖСТга аъзо бўлишни режалаштирмоқдамиз», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Россия, Европа Иттифоқи, Хитой, Буюк Британия, Швейцария ва бошқа давлатлар билан музокараларни якунлаши лозим.