Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ходимлари Тошкент, Андижон, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатларини аниқлади. Бу ҳақда Telegram`даги Xavfsizlik каналида ДХХ ўтказган тезкор тадбир лавҳалари эълон қилинди.
Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги адвокатлик бюроси адвокати ва унинг опаси ўзаро келишиб, ҳозирда жазо муддатини ўтаётган маҳкумга тегишли фермер хўжаликка туман ҳокими қарорига мувофиқ 49 йил муддатга ижарага берилган 9,72 гектар ерни сохта ҳужжатлар асосида давлат идораларидаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 35 минг доллар олган вақтида ушланди.
Андижон шаҳрида кузатилган ҳолатда улгуржи савдо корхонасининг раҳбари 39 ёшли якка тартибдаги тадбиркор билан келишиб, ҳоким иссиқхона қуриш учун ажратган 1 гектар ернинг тоифасини мансабдор танишлари орқали ўзгартиришга келишган. Бунинг ўрнига у ерда 30 та коттеж қуриш учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига харидордан 230 минг доллар талаб қилишган. Улар сўралган пул маблағидан 30 минг долларни олдиндан олган вақтларида ушланди.
Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманидаги чорвачилик фермаси раҳбари ҳоким қарори билан чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги махсулотлари етиштириш мақсадида 49 йил муддатга ижарага берилган ер майдонининг 11 гектар қисмини харидор номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган. У мазкур ишни кадастр идораларидаги танишлари орқали бажариш эвазига 430 млн сўм сўраган. Фермер олдиндан 23 минг 600 доллар ва 100 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушди.
Хоразм вилоятида эса урганчлик 55 ва 44 ёшли 2 нафар фуқаро туман ҳокимлиги захирасидаги 5 сотих ерни мансабдор танишлари орқали, маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси қурмоқчи бўлган тадбиркор номига расмийлаштириб беришга келишган. Бунинг эвазига 350 млн сўм талаб қилишиб, олдиндан 300 млн сўм олган вақтларида ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.