7 ноябрь куни АОКАда ўтган матбуот анжуманида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги масъуллари куз-қиш мавсумида ис газидан заҳарланиш ҳолатлари бўйича ўтказган мониторинг натижалари ҳақида маълумот берди.

Таҳлилларга кўра, ҳудудларда ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти қуйидаги сабабларга кўра юзага келмоқда:

  • газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик;
  • ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш;
  • иситиш печларининг дудбуронларини нотўғри ўрнатиш ва ўз вақтида техник кўрикдан ўтказмаслик;
  • газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кириш;
  • ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланиш;
  • ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш шулар жумласидан.

Ёнғинларнинг 40 фоизи электр ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши, 24 фоизи очиқ оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш, 14 фоизи иситиш печларини қуриш ва ишлатиш қоидаларининг бузилиши, 10 фоизи болалар шўхлиги оқибатида ҳамда бошқа сабабларга кўра содир бўлган.

Айнан қиш мавсумида ўртача ҳар 3 та содир бўлган ёнғиннинг биттаси иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш ёки носоз ва ностандарт иситиш мосламаларининг ишлатилишидан келиб чиққан ва аянчли оқибатларга олиб келган.

ФВВ вакили Самандар Ҳикматуллаевнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда 2022 йилда ис гази билан боғлиқ 84 та бахтсиз ҳолат аниқ бўлган, унда вафот этганлар сони 120 нафардан кўпроқ. 2023 йилда 46 та ҳолат билан пасайиш юзага келган. Бу йил шу кунгача 32 та ис гази чиқиши ҳолати кузатилди, деди у.

Вазирлик ходими фуқароларга хонадонда ис гази туфайли бахтсиз ҳодисалар келиб чиқишининг олдини олиш учун бир қатор тавсиялар берди. Жумладан, у асосий кириш ёки ошхона эшиги тагида кичик тирқиш бўлиши кераклигини эслатди.

«Ҳозирги кунда биз уйимизда кўп ўзгартиришларни киритганмиз. Масалан, ташқи томон ёки ошхонанинг эшиги тагида аввалги стандартларга кўра кичик тирқиш бўлиши керак. Бу одам бармоғи сиғадиган ҳажмда бўлиши ҳам мумкин. Негаки, ташқаридан ҳаво киргандагина уйдаги шамоллатиш тизими ишлайди. Ташқаридан ҳаво кириб, ичкаридаги ис гази чиқиб кетади», дея таъкидлади у.

Бундан ташқари, масъул ходим фуқароларни ностандарт печлардан фойдаланишдан воз кечишга чақирди.

«Ностандарт (туника) печларни кўтариб, олиб юриш осон. Биз мана шу печлардан фойдаланишдан воз кечишимиз керак. Ота-боболаримиз чекка ҳудудларда бўлса ҳам мустаҳкам печлар қуришган. Биз кўчириб ўтказса бўладиган печларга ишониб қолишимиз керак эмас», — деди Самандар Ҳикматуллаев.

Вазирлик, шунингдек, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида қуйидагиларга риоя қилишни сўради:

  • ташқи ҳимоя қобиқлари шикастланган электр сим ва кабеллардан фойдаланмаслик;
  • электр хўжалигида ортиқча юкланиш ва электр симларнинг қисқа туташувидан содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш лозимлиги сабабли сифат сертификатига эга бўлган ҳимоя сақлагичларидан (автоматлардан) фойдаланиш;
  • иситиш печларининг дудбуронларини тозалаш;
  • иситиш печларини ҳаддан зиёд қиздириб юбормаслик;
  • газ ва электр иситиш мосламаларини назорат қилишни ёш болаларга топширмаслик;
  • газ жиҳозларини газ таъминоти идоралари мутахассисларидан тафтишдан ўтказиш;
  • газ ускуналарини тартиб-қоида билан улаш;
  • ёнувчи материалларни газ плиталари устида қуритмаслик;
  • газ иситиш мосламаларидан хавфсизлик автоматикалари (газнинг ўчиб, қайта келишини назорат қилувчи мослама) орқали фойдаланиш.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили «Газета.uz» тегишли ташкилотлар — Фавқулодда вазиятлар, Соғлиқни сақлаш ҳамда Энергетика вазирликларининг ис гази хавфидан сақланиш бўйича тавсияларини батафсил бир мақолага жамлаганди.