Марказий банк томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, октябрь ойида аҳоли томонидан қабул қилинган (шахсий) инфляция даражаси яна 0,2 фоиз даражага — 13,2 фоизгача камайди. Бу кўрсаткич ўтган ойдаги 10,24 фоизни ташкил этган расмий йиллик инфляция даражасидан юқори.

Инфляциянинг расмий эълон қилинадиган даражаси аксарият уй хўжаликларининг талаблари асосида шакллантириладиган бўлиб, ўзида истеъмол саватидаги барча товар ва хизматларнинг умумий нарх даражасининг ўзгаришини акс эттиради. Шахсий (ўзингиз сезадиган) инфляция ўзингиз ёки оилангиз кундалик ҳаётида истеъмол қилинадиган товар ва хизматлар нархларининг ўзгариши асосида шаклланади. Агар мунтазам равишда сотиб оладиган товарнинг нархи ошиб кетса, унинг нархи кундалик ҳаётда камдан-кам сотиб оладиган товарнинг нархидан кўра кўпроқ ўсгандек туюлади. Шундай қилиб, ҳар бир оила ўзининг шахсий (оилавий) истеъмол саватига эга бўлсада, ушбу истеъмол савати умумий, мамлакат учун ҳисобланадиган истеъмол саватини ҳисоблаш учун ишлатиладиган истеъмол саватидан табиий равишда фарқланади (батафсил).

Регулятор хабарида респондентларнинг сентябрь-октябрь ойларида қайси товар ва хизматлар энг кўп қимматлашгани ҳақидаги жавоблари келтирилган.

инфляция, марказий банк

Кузнинг сўнгги ойида гўшт ва сут нархи кескин ошгани ҳақида хабар берган респондентларнинг улуши юқори даражада сақланиб қолди — 51 фоиз (сентябрда 56 фоиз). Бензин ва ёқилғи (пропан, метан) нархларининг ошишини кўрсатган респондентларнинг улуши бироз пасайди — 39 фоиздан 37 фоизга, шунингдек, дори воситалари 29 фоиздан 28 фоизга тушди.

Шу билан бирга, электр энергияси ва газ нархи ошгани ҳақида хабар берган респондентлар улуши 35 фоизга (34 фоиздан), ўсимлик мойи 21 фоиздан 24 фоизга, сабзавот ва мевалар 16 фоиздан 20 фоизга ошган.

Эслатиб ўтамиз, Статистика агентлиги маълумотларига кўра, октябрь ойида гўшт нархининг ўсиши секинлашди: суякли мол гўшти 0,8 фоизга (сентябрда 3,1 фоизга, августда 5,3 фоизга ошганди), қўй гўшти эса 1,2 фоизга (сентябрда 2,8 фоиз, августда 4,9 фоиз). Йил бошидан буён мол гўшти 11,7 фоизга, қўй гўшти 12,3 фоизга қимматлади.

инфляция, марказий банк

Ҳудудлар кесимида ўтган ойда сезилган инфляциянинг энг юқори даражаси Андижон вилоятида — 15 фоиз (сентябрда — 14,6 фоиз), шунингдек, Тошкент вилоятида — 14,7 фоиз (13,5 фоиз) ва Қашқадарё вилоятида — 14,2 фоиз (13 фоиз) бўлди.

Нархларнинг энг кам ўсиши Қорақалпоғистон — 10,9 фоиз (12,5 фоиз), шунингдек, Бухоро вилояти — 11,6 фоиз (13,9 фоиз) ва Навоий вилояти — 11,7 фоиз (12,3 фоиз) аҳолисида сезилди.

Даромадлари ойига 15 млн сўмдан юқори бўлган резидентлар учун инфляция даражаси 15,4 фоиздан 13,8 фоизга, даромади 10−15 млн сўм бўлган резидентлар учун 15,1 фоиздан 13,5 фоизга камайди. Сўмлик даромади 7−10 млн сўм бўлган респондентлар орасида бу кўрсаткич 14 фоиздан 14,1 фоизга ошган. Даромадлари 2−3 млн сўм бўлган аҳоли 13 фоиз (13,7 фоиз), даромадга эга эмас бўлганлар 13,8 фоиз (12,7 фоиз) даражасида инфляцияни бошдан кечирди.

инфляция, марказий банк