АҚШнинг янги сайланган президенти Дональд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин 7 ноябрь куни телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда Washington Post ва Reuters ўз манбаларига таяниб.
Нашрлар маълумотларига кўра, Трамп Путинни Украинадаги эскалациядан қочишга чақирди ва унга Америка кучларининг Европадаги салмоқли ҳарбий иштироки ҳақида эслатди.
Трамп ва Путин, шунингдек, Европа қитъасида тинчликка эришишни муҳокама қилди, АҚШ президенти эса «Украинадаги урушни тезроқ ҳал қилиш»ни муҳокама қилиш йўлида кейинги музокаралардан манфаатдорлигини билдирди.
Кремлда Трамп ва Путин ўртасидаги суҳбатни рад этишмоқда. «Бу ҳозирги кунда баъзан ҳатто анча обрўли нашрларда эълон қилинаётган ахборотнинг сифатига яққол мисол бўла олади. Бу ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди. Бу шунчаки уйдирма, яъни шунчаки ёлғон маълумот», — деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
Washington Post нашрининг таъкидлашича, Украина расмийлари Трампнинг Путин билан суҳбати ҳақида хабардор қилинган ва унга қарши эътироз билдирмаган, бироқ Украина Ташқи ишлар вазирлиги буни рад этмоқда.
«Украина томони тахмин қилинаётган қўнғироқ ҳақида олдиндан хабардор қилингани ҳақидаги хабарлар ёлғон. Шунга кўра, Украина қўнғироқни қўллаб-қувватлай олмаган ёки унга қарши чиқмаган», — деди Украина ТИВ вакили Георгий Тихий.
Ўтган чоршанба куни Трамп Украина президенти Владимир Зеленский билан ҳам телефон орқали гаплашди. Ушбу суҳбатга, Axios маълумотларига кўра, Трампнинг сайловолди кампаниясини очиқ қўллаб-қувватлаган ва фаол иштирок этган Tesla, SpaceX ва X раҳбари Илон Маск ҳам қўшилди.
Қўнғироқ тахминан 25 дақиқа давом этди, деб хабар берди нашр манбалари. Зеленский Трампни ғалаба билан табриклади, сайланган президент эса Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишини айтди, аммо тафсилотларга чуқурроқ киришмади.
Axios`нинг учта манбаси, Зеленскийга кўра, суҳбат яхши ўтганини ва унинг Трамп ғалабаси ҳақидаги хавотирларини оқламаганини билдирди. Axios суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, «Зеленскийда умидсизлик ҳисси суҳбатдан сўнг ҳам йўқолмади».
Маск, ўз навбатида, Starlink сунъий йўлдош алоқа терминалларига кириш орқали Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришга ваъда берди.
Сайлов кампанияси давомида Трамп Украинага ҳарбий ва молиявий ёрдам кўламини бир неча бор танқид қилган ва урушни январь ойида инаугурациясидан олдин тўхтатишга ваъда берган, аммо буни қандай амалга оширишни режалаштираётганини очиқламаган. Washington Post манбаларининг таъкидлашича, Трамп шахсий суҳбатларида Россия босиб олинган ҳудуднинг бир қисмини сақлаб қолиши мумкин бўлган битимни қўллаб-қувватлашини билдирган. Бу масалани у Путин билан телефон орқали суҳбат чоғида ҳам қисқача муҳокама қилган.
АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден Трампни 13 ноябрь куни Оқ уйга ташриф буюришга таклиф қилди. Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан CBS телеканалига берган интервьюсида Байден Трампга Украинага ёрдам беришни тўхтатмаслик учун мурожаат қилишини айтди, чунки бу Европада янада кўпроқ беқарорликни келтириб чиқариши мумкин.