Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) октябрь ойи якунлари бўйича Ўзбекистон иккиламчи бозоридаги автомобиллар нархларини таҳлил қилди.
Ўтган ойда иккиламчи бозорда Chevrolet Lacetti, Damas ва Labo автомобиллари нархи пасайишда давом этди. Spark`нинг ўртача нархи бироз ошди, Cobalt ва Nexia`ники эса деярли ўзгаришсиз қолди.
Машҳур Lacetti моделининг кўп масофа босиб ўтганларининг ўртача нархи сентябрга нисбатан 1,5 фоизга, Damas`ники 6,3 фоизга ва Labo`ники 2 фоизга арзонлаган. Бу моделларнинг кам масофа босиб ўтганларининг ўртача нархи мос равишда 0,3 фоиз, 0,6 фоиз ва 3,5 фоизга тушди.
«Кўп юрган» Spark 2,2 фоизга, «кам юрган» Spark`лар эса эса 2,9 фоизга қимматлади.
Cobalt ва Nexia нархи деярли ўзгармади.
- Lacetti: кам масофа босиб ўтгани — 15 236 доллар (15 452 доллар), кўп масофа босиб ўтгани — 13 300 доллар (13 500 доллар);
- Damas: кам масофа босиб ўтгани — 8250 доллар (8300 доллар), кўп масофа босиб ўтгани — 7500 доллар (8000 доллар);
- Spark: кам масофа босиб ўтгани — 10 500 доллар (сентябрда — 10 200 доллар эди), кўп масофа босиб ўтгани — 9 200 доллар (9 000 доллар).
Октябрда Equinox кроссовери нархлари сезиларли даражада ўзгарди: кам ва ўртача масофа босиб ўтган моделларнинг ўртача нархи сентябрга нисбатан мос равишда 1,5 фоиз ва 6,3 фоизга пасайди, кўп масофа босиб ўтган автомобиллар нархи эса 1,9 фоизга ошди.
Malibu ва Tracker нархлари деярли ўзгармади. Таҳлил натижаларига кўра, бу автомобилларнинг нархига биринчи навбатда юрган масофаси таъсир қилади, ишлаб чиқарилган йилининг нархга таъсири эса камроқ.
Октябрь ойида Equinox учун ўртача нархлар:
- Кам масофа босиб ўтган — 33 000 доллар (33 500 доллар);
- Ўртача масофа босиб ўтган: 30 000 доллар (32 000 доллар);
- Кўп масофа босиб ўтган — 27 000 доллар (26 500 доллар).
Электромобиллар
Октябрь ойида электромобиллар нархи сезиларли даражада пасайди. Мисол учун, кўп масофа босиб ўтган BYD Han ўртача нархи 10,2 фоизга, ўртача масофа босиб ўтганиники 2,6 фоизга, янгисиники эса 2,2 фоизга арзонлади.
Ўртача масофа босиб ўтган BYD Song Plus EV Champion ўртача 7,5 фоизга, янгиси эса 1,2 фоизга арзонлади.
Октябрь ойида электромобилларнинг ўртача нархлари:
- BYD Han: кўп масофа босиб ўтгани — 31 450 доллар (35 000), ўртача масофа босиб ўтгани — 37 000 доллар (38 000);
- BYD Song Plus EV Champion: ўртача масофа босиб ўтгани — 27 500 доллар (29 750), янгиси — 29 000 доллар (29 350).
Методология
Автомобиллар юрган масофаси ва ишлаб чиқарилган йилига қараб қуйидаги тоифаларга бўлинган:
- 2023−2024 йилларда ишлаб чиқарилган ва 20 000 кмгача масофа босиб ўтган автомобиллар — кам масофа босиб ўтган;
- 2023−2024 йилларда ишлаб чиқарилган ва 20 000 км дан 50 000 кмгача масофа босиб ўтган автомобиллар, шунингдек 2021−2022 йилларда ишлаб чиқарилган ва юрган масофаси 40 000 км гача бўлган автомобиллар — ўртача масофа босиб ўтган;
- 2023−2024 йилларда ишлаб чиқарилган ва 50 000 кмдан ортиқ масофани босиб ўтган автомобиллар, 2021−2022 йилларда ишлаб чиқарилган ва 40 000 кмдан ортиқ масофани босиб ўтган автомобиллар, шунингдек, 2020 йилда ишлаб чиқарилган барча автомобиллар — кўп масофани босиб ўтган автомобиллар.
Автомобиль нархларини таҳлил қилиш учун МҲТИ olx.uz платформасидаги эълонлардан веб-скрейпинг усилида фойдаланган.
Аввалроқ KPMG Uzbekistan Ўзбекистондаги автомобиль бозори ва автомобиллар нархини белгиловчи омиллар таҳлилини тақдим этганди. Тадқиқотда таъкидланганидек, божлар импорт автомобиллар нархининг 70 фоизи ёки ундан кўпроғини ташкил қилиши мумкин. Бозор ривожланишидаги тўсиқлар сифатида, шунингдек, мураккаб сертификатлаш талаблари ва ёқилғи билан боғлиқ муаммолар ҳам келтирилган.
Марказий банк ўз шарҳида январь-июнь ойларида Ўзбекистонда автомобиллар нархининг ўсиш суръатлари пасайганини қайд этганди. Бу автокредитлар бўйича ставкаларнинг ошиши, шунингдек, бундай кредитлар беришнинг 2,1 баробар қисқариши фонида содир бўлди. Бозор фаоллигининг пасайиши автомобилларни рўйхатдан ўтказиш тўловларининг ошиши билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.