11 ноябрь куни Тошкент шаҳрида King Long русумли «гармошкали» автобуслар иштирокида 2 та йўл транспорт ҳодисаси юзага келди. «Газета.uz» бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» билан боғланиб, ҳолатларни ўрганди.
Улардан бирида 121-сонли жуда катта сиғимли автобус эрталаб соат 06:00 атрофида Учтепа туманида бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги кўчатлар сотиладиган жойга кириб кетган. Оқибатда 1 нафар йўловчи енгил тан жароҳати олган ва тез тиббий ёрдам кўрсатилган. King Long русумли автобус техник шикастланган.
Йўл-транспорт ҳодисаси автобус ҳайдовчиси айби билан содир этилгани сабабли, автобусга етказилган моддий зарар ҳайдовчи томонидан қопланади, дейилади хабарда. Келтирилишича, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ҳолатни расмийлаштирган, суриштирув кетмоқда.
Яна бир ҳолат кечки пайт соат 19:50 атрофида Миробод туманида содир бўлди, унда King Long автобуси Lacetti автомобили билан тўқнашиб кетди.
Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ИИББ ЙҲХБ) матбуот хизматининг изоҳ беришича, йўл транспорт ҳодисаси натижасида Lacetti ҳайдовчиси тан жароҳат олган.
ИИББ ЙҲХБ ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.