2030 йилга келиб Ўзбекистон 10−15 миллиард кВт/соат электр энергиясини хорижга экспорт қила олади. Бу ҳақда 6 ноябрь куни Ўзбекистонда бўлиб ўтган Европа иқтисодиёти кунлари мавзусида Spot нашрига берган интервьюсида энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов маълум қилди.

«2030 йилда электр энергиясига бўлган эҳтиёж 120−125 млрд кВт/соат атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Бизда кўплаб генерация объектлари мавжуд — тахминан 135 млрд кВт/соат. Инфратузилма тайёр бўлиши билан электр энергиясини Европага экспорт қилиш мумкин», — деди Энергетика вазирлиги раҳбари ўўринбосари.

Гап электр энергиясини Европага «кабель коридори» — «яшил йўлак» орқали етказиб бериш ҳақида бормоқда. Ўзбекистон 2030 йилдан бошлаб мамлакатда ишлаб чиқарилган ортиқча «яшил» электр энергиясини Озарбайжон орқали Европага экспорт қилишни режалаштирмоқда. Июлда Остона шаҳрида Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистон «Марказий Осиё — Озарбайжон — Европа» «яшил энергетика» йўлагини яратиш лойиҳаси бўйича протокол имзолаганди. Баҳорда Тошкентда бўлиб ўтган инвестициявий форумда энергетика тизимларини интеграциялаш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

Август ойида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Европа мамлакатларига электр энергияси экспорти ҳажми «кабел қуввати ва ҳамкорларнинг хоҳишига боғлиқ бўлишини» айтганди. Энергетика вазирлиги раҳбари Ўзбекистон электр энергиясига бўлган эҳтиёжни тўлиқ қоплаганини, шунга кўра, мамлакат Европага 2 дан 5 ГВтгача энергия етказиб беришга тайёрлигини айтган.

Италиянинг CESI компанияси лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқмоқда.

«Биз бир компанияни танладик — CESI. У аллақачон [лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш устида] ишлай бошлаган. Техник-иқтисодий асослашни тайёрлаш учун тахминан бир ярим йил керак бўлади ва улар 2025 йил охиригача ишни якунлайди. Кейин ишлаб чиқилган ТИА бўйича қурилишни бошлаймиз. Бунда узунлиги 2,5 минг км кабель бўлади, жуда қиммат HVDC бўлади (доимий токнинг юқори вольтли линияси — таҳр.). Қийматни техник-иқтисодий асос белгилайди, лекин 2 миллиард доллардан ортиқни ташкил этади», — деди Умид Мамадаминов.

Spot’нинг Европага экспорт қилинаётган электр энергияси нархи ҳақидаги саволига Мамадаминов нархни бозор белгилаши, лекин ҳар киловатт учун камида 4−5 цент бўлишини айтди.

Умид Мамадаминов аввалроқ Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистон раҳбарлари 11−22 ноябрь кунлари Бокуда бўлиб ўтадиган COP29 конференцияси (БМТ иқлим конференсияси) доирасида «Марказий Осиё — Озарбайжон — Европа» «яшил энергетика» йўлагини яратиш лойиҳасини имзолаши ҳақида хабар берган эди.

Европа иқтисодиёти кунлари арафасида Умид Мамадаминов, шунингдек, Ўзбекистон электр энергияси ишлаб чиқариш соҳасида салмоқли ютуқларга эришганини, бироқ ҳозирда мамлакатда уни тўплаш ва ташиш учун инфратузилма зарурлигини таъкидлаганди.

«Инфратузилма шамол ва қуёш каби узлуксиз энергия манбаларини интеграция қилиш учун жуда муҳим ва кўплаб мамлакатлар бу муаммога дуч келмоқда. Бизга камида 5000 км электр узатиш линиялари, жумладан, 500 кВ ва 200 кВ юқори кучланишли линиялар ва подстанциялар керак», — деганди вазир ўринбосари.

Қайта тикланадиган манбаларни тармоққа интеграция қилиш учун қайта тикланадиган манбалар қувватининг камида 80% захира қувватига эга бўлиш зарур, деди у.

«Биз аллақачон умумий қуввати 400 МВт дан юқори бўлган 2000 МВт дан ортиқ энергия сақлаш тизимларини ўрнатиш бўйича шартномалар имзолаганмиз, чунки уларнинг ҳар бири икки даврли тармоқ. Келгуси икки йил ичида биз камида 4000 МВт базавий қувватга эга бўламиз. Бу ҳақиқатан ҳам қуёш энергияси ишлаб чиқаришдаги тебранишларга тезда жавоб беришга ёрдам беради», — таъкидлаган вазир ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон яқин йилларда яратиладиган электр энергиясини сотиб олиш ва сотиш бўйича ягона платформа ҳисобига ўз энергетика тизимини мувозанатлаштира олади. «Тожикистон ва Қирғизистон каби қўшни давлатлар муҳим гидроэнергетика ресурсларига эга бўлиб, бу бизнинг қайта тикланадиган энергия манбаларини узлуксиз ишлаб чиқаришимизга тўлиқ мос келади», — дейди Умид Мамадаминов.