Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов ЖЧ-2026 саралашининг 3-босқичи доирасида Қатарга қарши бўлиб ўтадиган ўйин ҳақида фикр билдирди.

«Кеча [таркибга] келиб қўшилдик. Бугун машғулотларни бошлаймиз. Ҳамма тайёр, ҳамма бор битта Остонни [Ўрунов] йўқотиш демасак. Биринчи навбатда, аввал ҳам айтиб ўтганимдек, бизга энг муҳими жаҳон чемпионатига чиқиш вазифаси. Ҳозир имкониятимиз жуда яхши. Худо хоҳласа, Қатарни ютсак, бундан ҳам яхши имкониятга эга бўламиз. Шу учун фақат уч очко учун ҳаракат қиламиз», — деди у.

«[Турниқ жадвалида] бизнинг ортимизда Қатар келяпти. Иложи борича ҳаракат қилишимиз керак уларни яқинлаштирмаслик учун. Бу томондан ҳам бизга ғалаба муҳим, деб ўйлайман», — дейди футболчи.

Эрон ва БАА терма жамоаларига қарши саралаш босқичининг сўнгги икки ўйинини соғлиғи сабабли ўтказиб юборган миллий терма жамоа бош мураббийи Сречко Катанец Доҳадаги йиғинда жамоага қўшилди.

Эслатиб ўтамиз, Қатарга қарши меҳмондаги баҳс 14 ноябрь куни соат 21:15 да Доҳада бўлиб ўтади. Сўнгра терма жамоа КХДРга қарши сафарда майдонга тушади.

«А» гуруҳидаги тўртта ўйиндан сўнг Ўзбекистон 10 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. Эрон тўплар нисбати яхшироқлиги (10) эвазига пешқадам. Учинчи ва тўртинчи ўринларда БАА ва Қатар (4 очкодан), Қирғизистон 5-ўринда (3), КХДР эса охирги (2) ўринда жойлашган.

Жаҳон чемпионатининг учинчи саралаш босқичида 18 та терма жамоа олтитадан учта гуруҳга бўлинган. Гуруҳнинг энг яхши икки жамоаси тўғридан-тўғри ЖЧ-2026 финал босқичига йўл олади. Учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаган жамоалар тўртинчи босқичда ўйнайди, улар яна иккита тўғридан-тўғри йўлланма, шунингдек, қитъалараро плей-офф йўлланмаси учун кураш олиб боради.

Учинчи саралаш босқичи икки даврада (10 тур) ўтказилади. У 2024 йил 5 сентябрда бошланган ва 2025 йил 10 июнда тугайди.