«Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров 11 ноябрь куни ўз каналида Х ижтимоий тармоғидаги IvankaNews_ саҳифасида эълон қилинган АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг иқтибосига муносабат билдирди. Эътиборлиси, саҳифа Иванка Трамп — Дональд Трампнинг қизи исми билан номланган, лекин унинг ҳақиқий аккаунтига алоқадор эмас.
Постда Трампнинг «фарзандларимизга номақбул жинсий материалларни ўргатувчи ва трансгендер савдойилигини тарғиб қилувчи барча мактаблар учун» федерал молиялаштиришни тўхтатиш режалари ҳақида сўз боради.
Қодиров «хасталикнинг ўчоғидаги ўзгариш жуда яхши» эканини ёзди. «Ўзбекистонда бу масалада ҳар қандай тарғиботни тақиқлаш бўйича қонун қабул қилиш устида ишлаяпмиз», — деди депутат.
Дональд Трампдан тўлиқ иқтибос бундай: «Биз танқидий ирқ назарияси, трансгендер савдойилиги ёки бошқа ҳар қандай номақбул ирқий, жинсий ёки сиёсий контентни болаларимизга тарғиб қиладиган ҳар қайси мактаб учун федерал маблағни қисқартиришни режалаштирмоқдамиз». У, шунингдек, «мажбурий эмлаш ёки мажбурий ниқоб тақиш амалда бўлган бирор мактабга бир цент ҳам бермаслигини» айтди.
Гендер шахсияти баъзи штатларда мактаб жинсий таълим ўқув дастурларига киритилган. Масалан, 2016 йилдан 2018 йилгача етти штат (Калифорния, Мэриленд, Мичиган, Миссури, Жанубий Каролина, Виржиния ва Вашингтон) ЛГБТ-инклюзив жинсий таълим дастурларини таклиф этувчи ўрта мактаблар сони 10 фоиз ёки ундан кўпроқ ошганини хабар қилган.
Танқидий ирқ назарияси (расизм нафақат индивидуал фикр ёки нохолислик натижаси, балки АҚШ ҳуқуқий ва ижтимоий тизимида чуқур илдиз отган деб ҳисобланувчи қараш), Америка ОАВга кўра, мактабларнинг аксарият қисмида мажбурий курс ҳисобланмайди.
«Миллий тикланиш»нинг маълум қилишича, партиянинг ўқув тадқиқотлари маркази томонидан раҳбар Алишер Қодиров билан биргаликда Ўзбекистонда «ЛГБТ тарғиботи»ни тақиқлаш тўғрисидаги ҳужжат ишлаб чиқилмоқда.
«Бу шунчаки лойиҳа. Ҳужжат дастлабки босқичда ва партиянинг ўзида ишлаб чиқилмоқда. Ўқув тадқиқотлари маркази нодавлат нотижорат ташкилоти бўлиб, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга эмас. Яъни ҳужжат ҳозирча қонун лойиҳаси мақомига эга эмас ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилмаган. Ҳужжатни ишлаб чиқиш тугалланиб, хулоса олинса, ана шунда Қонунчилик палатасига киритилиши мумкин», — дея таъкидлади партия.
«Миллий тикланиш» бу масалани Ўзбекистон учун «долзарб» деб ҳисоблайди. «Бу долзарб, чунки бизда чет элга саёҳат қилувчилар кўп ва интернетда [бу мавзу бўйича] кўплаб материаллар мавжуд. Агар ҳозир болаларнинг онги салбий оқибатлардан ҳимоя қилинмаса, кейин буни қилишнинг иложиси йўқ. Барчаси инсон ва болалар ҳуқуқлари билан боғлиқ», — деди партия вакили.
2021 йил июнида Алишер Қодиров ЛГБТ жамияти аъзоларини мамлакатдан чиқариб юборишни таклиф қилганди. Унинг фикрича, «бундай одамлар 100 йилдан кейин ҳам ўзбек жамиятида яшай олмайди, шунинг учун уларга ёрдам керак». Сиёсатчининг сўзларига кўра, унинг баёнотларидан сўнг, юзга яқин ЛГБТ вакиллари унга миннатдорчилик билан мурожаат қилган.
2022 йил декабрида Ўзбекистонда ОАВ, сайтлар ва блогерларга «бир жинслилар ўртасидаги ғайритабиий алоқаларни тарғиб қилиш»ни тақиқлаш режалаштирилаётгани маълум бўлганди. Ушбу ибора соҳадаги 8 та қонунни бирлаштириш таклиф этилаётган Ахборот кодекси лойиҳасидан ўрин олган.
Жорий йил августида ИИБ ходимлари ташриф буюрувчининг у ерда ЛГБТ тарафдорлари йиғилиши бўлиши ҳақидаги кўнғироғидан кейин пойтахтдаги Riviera савдо марказидан 20 дан ортиқ одамни олиб кетганди. Шу куни дўконлардан бирида туғилган кун зиёфати уюштирилаётган бўлган. Ҳибсга олинганлар орасида вояга етмаганлар ҳам бор эди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Россияда вояга етмаганлар ўртасида «ноанъанавий жинсий алоқа»ни тақиқловчи илгари амалда бўлган қонун ҳар қандай ёш гуруҳига татбиқ этилганди, кино, интернет, адабиёт ва ОАВ орқали ЛГБТ тарғиботи учун янги жарималар ва санкциялар жорий қилинган.