Тармоқларда энди Ўзбекистонда медиа маҳсулотлар ахлоқсизликни тарғиб қилмаслиги учун «маънавий экспертиза»дан ўтказилиши ҳақидаги муҳокамалар бўлди. Маънавият ва маърифат маркази ахборот хизмати «Маънавият экспертизаси» лойиҳаси хусусидаги ушбу муҳокамаларга муносабат билдирди.
Марказнинг қайд этишича, лойиҳа болалар тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши ва ўсиб келаётган авлоднинг онгига зарар етказиши мумкин бўлган медиа маҳсулотлар тарқатилишини олдини олишга қаратилмоқда.
«Ушбу лойиҳа медиа контентларнинг ёшлар, айниқса, мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларга таъсиридан хавотирланган ота-оналар, зиёлилар, шунингдек, кенг жамоатчилик сўрови, талаб ва ташаббуслари асосида жорий қилинмоқда», — дейилади муносабатда.
«„Маънавият экспертизаси“ лойиҳаси медиа маҳсулотларга цензура қўймайди. Экспертларнинг фаолияти медиа контент ишлаб чиқувчилар, ижодий гуруҳлар ва бадиий кенгашлар учун тавсиявий таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлади», — дейилади хабарда.
Марказнинг қайд этишича, оммавий ахборот воситалари, журналистлар, ижодкорлар, блогерларнинг ижод эркинлигига дахл қилинмайди.
«Маънавият экспертизаси» нима?
Аввалроқ Маънавият ва маърифат маркази бунга Республика Маънавият ва маърифат маркази, АОКА, Маданият вазирлиги, Киномотография агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Миллий медиа бирлашмасининг биргаликдаги қарори билан келишилганини қайд этганди.
«Бугун шиддатли даврда ахборотлар кўлами ва оқими кенг. Медиамакон замонавий, қизиқарли ва долзарб мавзудаги хилма-хил медиамаҳсулотлар билан тўлдирилмоқда. Лекин уларнинг барини ҳам сифат жиҳатидан ҳам, мазмун жиҳатидан ҳам миллийлигимизга мос ва хос, тарбиявий аҳамияти юқори деб бўлмайди. Шу боисдан ҳам ёшлар тарбиясига ва миллий менталитетимизга раҳна солувчи медиамаҳсулотлар тарқалишининг олдини олиш ва уларнинг софлиги, миллий ахлоқимизга мослик даражасини таҳлил қилиб бориш анча муҳим», — дейилади хабарда.
Шунинг билан теле ва радиоканаллар, ижтимоий тармоқлар учун тайёрланаётган медиамаҳсулотлар, хусусан, сериал, мултфильм, кино, қўшиқ ва клипларни маънавий экспертизадан ўтказиш тартиби жорий этилмоқда. Қайд этилишича, ҳозирга қадар маънавий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқлаб бўлинган. Унга мувофиқ, маънавий экспертиза гуруҳининг асосий вазифалари белгиланган.
Жумладан:
- соҳа мутахассисларидан тартиб топган гуруҳ томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳамда хорижда ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон ҳудудида намойиш этилаётган медиамаҳсулотларнинг давлат сиёсати, давлат рамзлари, миллий ва умуминсоний қадриятлар, маънавий-ахлоқий мезонларга зид, инсоний фазилатларга таҳдид солувчи аҳлоқсизлик, беҳаёликни тарғиб қилувчи ҳолатлар мавжуд ва мавжуд эмаслиги ўрганилади;
- Медиамаҳсулотларнинг ёшлар тарбияси ва миллий менталитетга таъсири баҳоланади;
- Ёшлар тарбияси ва миллий менталитетга раҳна солувчи медиамаҳсулотларнинг тарқалишининг олдини олиш чоралари кўрилади;
- Бундай медиамаҳсулотларнинг намойиш этилишини тўхтатиш бўйича тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга таклифлар киритиб борилади;
«Маънавий экспертиза» лойиҳасининг тўлиқ ишлаши ва жамиятда кутилган натижани бериши учун эса марказ барчани ҳамкорликка чорлаган.
«Ахлоқсизлик ва тарбиясизликлар тарғиб қилинган медиамаҳсулотларни аниқлаш, намойиш қилиш ва кенг тарғибот қилиш бўйича билдирилган ҳар бир фикр, мулоҳаза ва талиф қимматли. Зеро маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёшларни азалий миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш барчамизнинг асосий вазифамиздир», — дейилади хабарда.