X (собиқ Twitter) тармоғининг ўзбек сегментида 12 ноябрь куни қизиқ муҳокама бошланди. Тармоқ фойдаланувчиси Ирода Жўраева: «Сиз ҳам кичкиналигингизда нонга навбатга турганмисиз?», деган саволли твит (хабар) ёзиб қолдирди. Ушбу материал тайёрланаётган вақтда биргина унинг твитига реплай (жавоб) ва иқтибосли ретвит кўринишида 40 га яқин муносабат билдирилган эди (бошқа твитлар остида ҳам муҳокамалар давом этяпти).

Аслида бу унчалик катта рақам эмас, аммо берилган жавобларнинг аксариятида тахминан 15−20 йил аввалги ҳолатлар самимий эслангани эътиборга молик. Ёши каттароқ фойдаланувчилар 1990 йиллардаги воқеаларни ҳам ёдга олган. Оддий қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг яқин тарихига бир қур назар ташланган.

Қуйида асосан яқин ўтмиш (мустақиллик йилларида)да у ёки бу нарсани сотиб олиш учун навбатга турган ўзбекистонликларнинг жавоблари келтирилди (навбатга турмаганини, болалиги тўқчиликда ўтганини баён қилган фойдаланувчилар ҳам бор). Алоҳида қайд этиш жоизки, муҳокама фақат егулик ва гигиена маҳсулотлари учун навбатлар атрофида борган. Бензин ё газ ёнилғиси учун навбатлар ҳақида гапирилмаган ва сўралмаган.


«Сиз ҳам кичкиналигингизда нонга навбатга турганмисиз?», — Ирода Жўраева.

«2015−2018 йилларда Фарғонада «Иссиқ нон»да буханкага очередда турганман», — Ҳусниддин Иброҳимов.

«Ҳа, нонга навбатда турганмиз, далага бориб бошоқ ҳам терганмиз», — Ҳаётилло Қодиржон ўғли.

«Ҳа, турганман. Дадам раҳматли ишда, онам раҳматли эса хаста, акам иккимиз олиб келардик. Ҳар бир одамга иккита нон бериларди. Ёғгаям турганман», — Синчалак10.

«Лицейда ўқиган вақтим Қарши [шаҳри]даги „Ойдин“ бозорида [нонга] навбатда турганман. Ичи яхши пишмаган буханкага эрталаб узун навбат пайдо бўларди», — Зафар Тўрақулов.

«Ҳа, қайсидир йили бир кишига фақат иккита нон берилади, дейиларди. Шунга акам, мен, баъзида аям ҳам қўшилиб борар эдик», — Ситора Мамарасулова.

«Турганмиз, [нон] 500 сўм эди», — Қўлдашли.

«Нонга навбатда туриш бўлмаган. Орада маҳаллага ёғ келарди — шунга чиқардик», — Зулфия Каримова.

«Пахта ёғига», — Эмиратес.

«Нонга эмасу, лекин унга навбатда турганман, 1990 йиллар охирида», — Азимжон.

«Мен кичкиналигимда ёғга навбатда турганман. Навбатинг яқинлашсаю, онанг ҳали ҳам келмаса, энди мендаги стрессни кўринг», — Қамарнисо.

«Нонга, сутга, шакарга, ёғга, совунга, порошокка, унга, макаронга навбатда турганман — ўсмирлигим деярли навбатларда ўтган», — Феруза Иззат.

«Эрталаб соат 6 да олиб келинадиган, дўкон эшиги олдида сотиладиган, алюмин бидондаги сутнинг туганмас очередлари-чи…», — Ҳанна.

«Кўчамиз бошидаги буханка келадиган новвойхонага нон пишадиган пайтни пойлаб чиққанларимиз, бетартиб оломон бўлиб турган таниш-нотаниш одамлар эсимга тушиб кетди. Тўғри, мен у вақтда кичкина бўлганман, нимага бунақа қилиб олишимизни ҳам билмасдим, лекин шунақа эди», — Нимфа.

«1995 йилларда одамлар бўм-бўш магазиндан бир буханка нонни бўлаклаб, граммлаб олгани эсимда. Дўконда нон, туз, гугурт, шакардан бошқа ҳеч нарса бўлмасди. Баъзи ишхоналар пул ўрнига чек берарди. Ўша чекка нарса олардик дўкондан. Пахта ёғини ҳам навбатга туриб олардик», — Азиз.

«[Андижонда] 2007−08 йилларгача ҳамма нарсага навбатда турганмиз. Ёғ, ун, шакар талон билан бериларди, 1 килодан. Нон икки донадан, икки соатда навбат келарди. Донаси 140 сўм эди. Энг қизиғи, шунақа муаммолар қишлоқлардан кўра шаҳар марказида кўпроқ эди. Навбатсизи ҳам бор, аммо қиммат эди», — Жавоҳирбек Абдуллаев.

«Пойтахт маркази унча сезмаган бўлса керак, лекин шу [2007−2008 йилларгача] шаҳарнинг чекка қисмларидан бошлаб барча вилоятлар маҳаллаларида ун-ёғ норма билан тарқатилган. Буханка учун навбатлар бўларди», — Абдусаид Саидаҳматов.

«Купон, карточка билан озиқ-овқат олиш — совет давридан қолган энг ёмон мерос бўлган. Яхшиямки, қутулганмиз. 75 йиллик совет даврида жуда ҳам кам йилларда бу карточка тизими бекор қилингани ҳақида ўқигандим», — Санжар Нўъмонзода.

«Дадам 2 сўм берардилар. Новвойхонага тунги соат 2 да бориб, бешта буханка опкелардим, донаси 40 тийин эди. Давлат нархи 36 тийин бўлган. 4 тийин қайтимига магазинда тўртта гугурт берарди ўшанда ҳам. Новвойхона ҳамма учун ҳам очиқ бўлмасди. 3 метрли девордан ошиб ўтардим. Хўжайинлар кўриб қолса, қуварди. Қоровул ва ишчилар индамасди. Манимча, пул ўз чўнтакларига қоларди. Нон ундирганим эвазига битта иссиқ буханканинг тепа қарсилдоқ қисмини уйгача еб борардим», — Шуҳрат Шокиржонов.

«Қишлоқларда талонга бериладиган ун, шакар (жон бошига ярим кило), кирсовун (яримта) ва пахта ёғи (ярим литр) магазинга келадиган куни эрталабдан навбатда туриларди. Одамлар ёзда буғдой жамларди (машоқ ва бошоқ ҳам териларди), нон кўпинча тегирмондан ун чиқариб, тандирда ёпиларди. Магазин уни (жон бошига 5 килодан) ё тегирмон унига аралаштирилиб, манти, сомсага ишлатиларди. Марҳаматнинг буханка нони жуда мазали бўларди, эрталабдан қирғизистонликлар ҳам қоп-қоп олиб кетишарди (у пайт чегара йўқ), қишлоқ магазинига нон кам келарди. Каримов қўшни давлатлар нонимизни ташиб кетаяпти, деб бир неча бор гапирган. Кейин Акаев „Каримов буханки считает“, деб дилгир бўлган. Лекин ўзбек вертолётлари 1992−1995 йилларда Тожикистон қишлоқларига утур-утур буханка ташигани бор гап. Ўзбек вертолёти кўринса, бугун оч қолмаймиз, дейишган», — Отабек Бакиров.

«Эҳҳе, нонга очередни сиз қаёқдан ҳам билардингиз! Кечки соат 4 да маҳалла магазинига нон келади. Нон етиши учун эртароқ, 2−3 соат олдин чиқиб туриш керак. Очеред олиб, кириб кетиб бўлмайди — совуқда кўчада туриш керак. Чунки у супермаркетмас, дўконча. Шунда ҳам иккитадан ортиқ нон бермайди, уни ҳам купонга беради. Нон тугаб, етмай қолиши эҳтимоли ҳам бор. Нолимасдик, чунки ёш боламиз, буям бир ўйиндек кўриларди. Иккита нонни кўтариб, шом пайти уйга кириб келишингиз сизни оилада қаҳрамонга айлантирарди. Кейин бувиларимиздан уларнинг болалиги ҳақида даҳшатроқ ҳикоялар эшитардик. Мен ҳам амаки сифатида айтяпман-да, нолиманглар, деб :)», — Қаҳрамон Асланов.

Сиз-чи, кичкиналигингизда нонга, ёғга, сутга, совунга, умуман, нима учундир навбатга турганмисиз?

Жавобларингизни комментларда ёзиб қолдиринг.