Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган COP29 саммити доирасида 12 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев Финляндия президенти Александр Стубб билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Томонлар кўп қиррали Ўзбекистон-Финляндия ҳамкорлигини ривожлантириш масалаларини кўриб чиқди. Фаол сиёсий ва парламентлараро алоқалар қайд этилди.

Янги иқтисодий кун тартибини шакллантириш учун металлургия, электротехника, кимё, телекоммуникация ва бошқа соҳаларда саноат кооперациясини ривожлантириш дастурини тайёрлаш таклифи муҳокама қилинди.

Президентлар 2025 йил январь ойида Ҳельсинки шаҳрида бўлиб ўтадиган ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва бизнес форумига пухта тайёргарлик кўриш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, таълим ва экология соҳасидаги алмашинувларни мустаҳкамлаш, шу жумладан, БМТнинг Оролбўйи учун Траст жамғармаси фаолиятида Финляндиянинг фаол иштирок этиши истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Бўлажак олий даражадаги учрашувлар режаси кўриб чиқилди.